ONAM MUSIQA VA MEN
Mastura Abduraim
2026-yil 13-fevral

ОНАМ, МУСИҚА ВА МЕН
(Эссе)
Турфа хил эътиқодлар, дин ва мазҳаблар, хуллас калом, сиз ва менга ўхшаган юмалоқ бошли одамлар орасида юрадиган гап - сўзлар ва миш - мишларни тўғри деб тасаввур этсак ҳамда айни ҳозирги яшаб турган умримни энг сўнгиси(омадни қаранг) яъни еттинчиси деб ҳисобласакда, ўша ғайриоддий қарашлар, мўжизалар айланиб юрувчи каллани бир чеккага олиб қўйиб чуқур ўйлаб кўрсак, сизни билмадиму мен олдинги олти ҳаётимда ҳам мусиқачи бўлганман. Ҳа, ҳа аниқ биламан, мусиқа билан яшаб, мусиқадан нафас олганман ва мусиқа учун жон фидо қилганман.
Балки, 1678 - йил Венецияда айни баҳор чоғида Жованни Батиста оиласида шошилганимча 7 ойда дунёга келган қизил сочли (Россо), нимжон, касалманд болакай Антонио Лусио Вивалди аслида мен бўлгандирман. Ўша буюк итальян бастакори, руҳоний ва скрипкачиси, Барокко мусиқаси басталовчиси, чолғу концертрлари, хор учун асарлар ва 40 дан ошиқ опера муаллифи сифатида машҳурликка эришган ҳам мендирман? Скрипка учун махсус ёзилган, мен учун ниҳоятда севимли бўлган, руҳиятимга мос келувчи "Тўрт фасл" композицияси ва операларини Венеция, Мантуя ва Венада концертларида ижро этиб машҳурликка эришган мусиқачи, бутун умр астмадан қийналсада матонат билан мусиқага умрини бахшида этган ҳамда ҳаётининг охири қашшоқликда ўтган даҳо ижодкор Вивалди менинг илк туғилишим бўлгандир?
Балки, Австриянинг Залсбург шаҳрида созанда, ўқитувчи, композитор Леополд Мотсартнинг истеъдодли, кучли мусиқий хотира эгаси, виртуоз(пианиночи, скрипкачи) созанда, моҳир дерижёр, композитор, 5 ёшидан илк мусиқий асарларни ижод этган, 6 ёшида бутун европа бўйлаб гастрольларда бўлган машҳур мусиқачи ўғил Волфганг Амадеюс Мотсарт ҳам менинг дунёга иккинчи бор келган қиёфам бўлгандир? 600дан ортиқ композициялари - симфония, концерто, камер, пианино, опера ва хор учун ёзилган мусиқий асарлар ҳам менинг кучли мусиқий салоҳиятим билан яратилгандир?(орзуга айб йўқ!) "Фуқаронинг уйланиши" опера - комедияси, "Дон Жуан" опера - драмаси, "Сеҳрли флейта" миллий опера эртаги менинг заҳматларим эвазига дунёга келган дурдоналардир?
Буюк олмон композитори, пиониночи ва дерижёр Людвиг Ван Бетховен учинчи ёки тўртинчи дунёга келишим бўлгану, фортопиано концертлари, "Патетик" фортопиано сонатаси, квартетлар, учинчи (Қаҳрамоннома), бешинчи симфониялар, Геётенинг "Эдмонт" фожиасига ёзилган мусиқа ва ҳакозо охири кўринмайдиган мусиқий асарларни яратган ҳам каминадир? Менинг севимли мусиқаларимдан бўлмиш "Элиза учун" ва "Ой"сонатасини фортопианода жўшиб ижро этгандурман балки? Қулоқларим эшитмай қолсада ижодимни, мусиқамни тарк этмаган, илҳом келмаганида бошимдан муздай сув қуйиб бетакрор мусқий асарлар яратиш мендан бошқа телбага ярашмаган бўларди назаримда.
О, "Бахт" сонатаси, "Ёмғир вальси", "Баҳор" ҳамда "Куз" вальслари Шопен ва менинг руҳларимиз уйғунлигида яратилган мусиқий асарлар бўлганига ишончим комил. Полшада дунёга келиб, кейинчалик Францияда яшаган бўлсакда ватанпарварлик билан суғорилган, ҳалқчил, романтик ижодимиз билан поляк мусиқасини дунёга танитганимиз ҳам бор гап! Миллий оммабоп рақслар (полонез, мазурка ва бошқалар)ни бадиийлаштирган, скерсо, чолғу баллада, этюд, прелюдия, ноктюрнларни бадиий тугал асар даражасига кўтарган, баъзи концертлар ва сонаталаримизда Бетховен анъаналарини давом эттирган ҳам иккимиз бўлганмиз.
Хуллас калом, балки, оддий скрипкачи ёки ўзим севиб тинглайдиган виолончель ижрочиси бўлиб дунёга келгандирман? Фортопианода куйлар чалиб, бахтдан сармаст бўлгандирман? Аммо, биласизми, мен ким бўлиб туғилишимдан, дунёга неча маротаба келишимдан қатъий назар Онам ягона бўлган. Ҳар сафар, қайси макон ва замонда туғилсамда мени ўз Онам дунёга келтирган. Тарбиялаб вояга етказган, орзуларим сари етаклаган. Суйган, эркалаган, эрк ва илҳом ҳадя этган. Отам ва Онам иккиси нечта ҳаётим бўлса, барчасида мен билан ёнма - ён бўлишган. Бу борада тахмин қилмайман, аниқ фактларни ҳам келтиролмайман. Юрагимга қулоқ тутаман. Кўнгил сезади. У ўзига яқинларни шу заҳотиёқ таниб олади.
Сизга Онам ҳақида гапириб берадиган бўлсам, Онам оддий аёл. Оддий хизматчи оиласида туғилиб ўсган. Мактабни аълога битириб, қизил диплом - олтин медальга тавсия этилган. Бу ўша вақтларда имтиҳонсиз институтга кириш имтиёзини берган. Аммо, бобомни чақиришиб, медальнинг яхшигина тўлови борлигини айтишган. Бобом фарзанди учун рози бўлган. Онам эса ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад этган. Воз кечган. Ахир бу менинг Онам, оддийгина бир қишлоқ қизи...
Эсимни таниганимдан буён Онамни кўпинча тандир ёнида, ўчоқ бошида, тоғорада кир юваётган ёки сигир соғаётган маҳалида, ё ҳовлимиздаги турфа - хил гулларини парвариш қилаётган, супуриб - сидираётган, ё бўлмаса қайсидир гўдак синглимни қучоғида озиқлантираётган ҳолатларида кўрдим. Биласизми, мен мусиқага бўлган илк меҳримни қачон ҳис этганман? Қулоқларимга инган илк мусиқам нима бўлган? Онам менга алла айтганини эслай оламан десам, ғирт ёлғон гапни гапирган бўлиб чиқаман. Хотирамда озгина нуқсон борлиги бор гап. Сабаби, илк хотираларим етти ёшимда мактабга борган чоғларимдан бошланади. Улар ҳам элас - элас. Шеърлар ёд олишга ҳам ниҳоятда қийналардим. Хуллас, Онам кечалари эмизикли гўдак синглимни ухлатиш учун бешикни оҳиста тебратар, бешик ҳам ғичир - ғичир қилганича жўр бўлар, шунчалар маҳзун алла айтардиларки, 7 - 8 ёшли қизалоқ бўлишимга қарамасдан, дардларини чуқур ҳис этар, ётган жойимда юм - юм йиғлардим.
Қаерда бўлмай, Онамнинг ғамгин, меҳрга йўғрилган алласи қулоқларим остида мусиқа каби жаранглаб тураверарди. Ҳудди шу оҳанг, шу мусиқа менинг қалбимни забт этган илк мусиқа бўлиб қолди ва мусиқага бўлган улкан муҳаббатимнинг дебочаси бўлди.
Менинг Онам оддийгина Она эди. Ҳеч бир олийгоҳни битирмаганди. Оддийгина уй бекаси эди. Ўқийдиган китобларининг сон - саноғи йўқ эди. Бадиий китоблари, айниқса, шеърий тўпламлари тарбия этаётган фарзандлари каби қатор - қатор эди. Алишер Навоийдан ўқирдилар. Муҳаммад Юсуф энг севимли, шеърларини кўзларига ёш олиб ўқийдиган шоирларидан бири эди. Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналарини қўлларидан қўймас эдилар. Отамнинг кутубхонасидан ўрин олган китоблар Онам иккисининг орасида талаш бўларди. Рўзғор ташвиши билан бозорга борсалар китобсиз қайтмасдилар. Ҳар хил эртак китоблар, расмли, шеърий рисолалар, болалар учун ойнома журнал ва газеталар олиб келардилар.
Менинг Онам оддийгина уй бекаси эди...Озода, қўли ширин пазанда, батартиб аёл эдилар. Биз фарзандларининг уй вазифаларимизга ёрдам берарди. Рус тили, француз тили(мактабимизда француз тили ўтиларди) математика, физика, тарих, адабиёт сингари барча фанларни ўзлаштиришимизда ёрдамларини аямас эди. Рус тилида равон гапирарди. Француз тилидан матнларни таржима қилиб берардилар. Адабиётдан иншо ва баёнлар ёзишни ўқитувчимдан эмас, Онамдан ўргандим. Мусиқадан ноталарни ҳам Онам ўргатдилар. Қалбимга мусиқа ва адабиётга бўлган илк муҳаббат уруғини қадаган ҳам Онам бўлдилар.
Менинг Онам оддий аёл эди...Шундай суратлар солардики, кўзларингиз қувнаб, ҳайратингиз ошарди. Биргаликда суратлар солардик. Деворий газеталар чиқарардик. Мактаб танловларида қатнашиб мукофотлар олардик.
Онам менинг мусиқага бўлган чексиз муҳаббатимдан воқиф эди. Аслида, Отам ҳам мусиқа шинавандаси эди. Рўбоб чалиб қўшиқ айтардилар баъзида. Эски, пластинкали патефонлари, замонавий магнитофонларигача бор эди. Лекин, Отам кун бўйи ишда бўлардилар. Давлат иши, раҳбарлик осон эмас ахир. Шу сабабли, кўпроқ Онам биз билан бирга эди. Онам мени ҳеч қандай изоҳларсиз ва гап - сўзларсиз тушуна олган ягона дардкашим бўлган. Йўқ, биз ҳеч маҳал бир - биримизга дардларимизни айтиб йиғлашмаганмиз. Онам ва менга нигоҳлар кифоя бўлган.
- Болажоним, қанийди имкони бўлсаю, Отанг ва мен рўзғордан, ўн фарзанд ташвишларидан ортсакда, сени шаҳарга мусиқа мактабларига берсак. Орзу қилган фортопианони меҳмонхонамиз тўрига жойлаштириб, шавқу - завқ, бир олам бахт билан ижро этаётган куйларингни тинглаб ўтирсак. Сени мусиқачи ёки хонанда бўлишингни шунчалар хоҳлайманки - дейди Онам ғамнок нигоҳлари билан.
- Ғам чекманг, Онажоним! Барча инсонлар орзулар билан яшайдилар. Орзулар рўёби эса эгасининг тинимсиз ҳаракати ва интилишига боғлиқ. Камдан - кам ҳолларда тасодифлар ҳамда мўжизалар рўй беради. Натижада, орзулар амалга ошиши мумкин. Бу ҳолатни балки, бир сўз билан омад деб ҳам аташимиз мумкиндир? Демак, менинг орзуларим аллақачон, дунёга келганимдаёқ амалга ошган эканда! Нега дейсизми? Сабаби, мен омад билан бирга туғилганман. Отам ва сизнинг фарзандингиз кўринишида.
Магнитофон қулоғини бурайман. Етти маҳаллани кўчириб қўшиққа жўр бўламан. Тинч ва озода (кўпинча ағдар - тўнтар) уйда сингилларим билан чувиллашиб рақсга тушамиз. Сиз чарчоқдан бироз дам олиш учун ётган бўлсангиз ҳам индамайсиз. "Жим ўтир!", Бошимни оғритма!", "Тўполон қилма!" каби, мен ҳозирда болаларимга юз марталаб такрорлайдиган сўзлар сизнинг руйхатингизда йўқ эди. Болалигимда тушунмаганман. Ҳозир ёшим қирқдан ошиб, она мақомига эришиб, 3 нафаргина боланинг ташвишларига чидай олмай асабийлашар эканман, ҳайратланаман. Қандай қилиб сиз каби ҳалим ва меҳрибон бўлиш мумкин? Ахир сизни ташвишларингиз меники билан солиштирганда осмон билан ерчалик фарқланар эдику? Ўн фарзанднинг ҳар бирига етадиган улкан меҳрни, эътибор кучини қаердан олгансиз? Менга ҳам айтинг!?
Бизнинг бу каби тез - тез уюштириб турадиган концертларимизни ёнгинамизда дам ола туриб кузатиб ўтирардингиз. Кўзларингиздаги қувонч, бахт бизга ҳам кўчар эди.
- Болам, биринчи айтган қўшиғингни яна айтиб бер!- дердингиз.
Мен озроқ уялиб турардимда (бу табиатимдан ҳечам қутулолмадим) сиз учун, ҳа фақат сиз айтганингиз учун куйлашга ҳаракат қилардим.
-Сен қўшиқ айтиб берсанг чарчоқларим чиқиб кетади! - дердингиз жилмайиб.
Улғайдим. Аммо, на мусиқачи, на хонанда бўлдим. Қистовингиз билан мактабимиздаги мусиқа тугарагига аъзо бўлганим ҳам, байрамларда ҳаяжондан дир - дир титраб айтган севимли қўшиқларим ҳам бунга ёрдам беролмади. Сиз эса ҳамон мени руҳлантиришдан чарчамасдингиз. Мусиқа мени ичимда эди Она! У ташқи оламда асл жозибасини, тароватини йўқотар эди. Руҳиятим билан боғланган эдию, қачондир мени ўзим англаб етмаган оламимга етаклаши керак эди.
Менинг Онам! Оддий аёл эди. У фарзандларини сўзсиз тушуна оларди. Ҳа, оддийгина Она эди, болаларига бутун умрини бахшида эта олган. Ўзини унутиб фарзандлари учун яшаб ўтган оддий аёл! Нигоҳларида меҳр - муҳаббатдан ўзга кучлироқ туйғуни сиғдиролмаган, фарзандлари, оиласи учун орзуларини, хоҳишларини юрагига дафн этган оддийгина Она!
- Мастурам, қўшиқ айтиб бер!- дедингиз бир куни шаҳри азимдан зиёратингизга борганимда. Мен жилмайиб қўяқолдим. Кўзларингизда айбдорлик, афсус кўланкаси лип этганини пайқадим.
- Сен қўшиқ айтмай қўйдинг!
Шу биргина ҳитобингизда қанчалар оғриқ, ҳавотир ва менга беролмайдиган нечалаб саволларингиз янгради. Яна жилмайдим.
Она, айтинг, барчасини, ичингизга ютган дардларингиз, армонга айланган орзуларингиз, фарзандларингиз учун фидо қилган умрингиз ғам -ғуссаларини тўкиб солинг! Мен эса тинмасдан куйлайман. Болалигимдаги каби жўшиб, рақсга тушиб куйлаб бераман. Энди мен сиз истасангиз мусиқачи, ёки хонанда, буюк рассом, пианиночи, ё бўлмаса ўзим севиб тинглайдиган виолончель ижрочиси бўлишим мумкин. Самоларда парвоз этишим, истанг, дунёни забт этишим мумкин. Қўлларимга сиз тутқазган қалам ва қоғоз орзуларимизни рўёбга чиқаради.
Биргаликда, ёнма - ён, бир - биримизни тўлдириб қадам ташлаймиз;
Онам,
мусиқа
ва мен...
Тамом.