ODAMLAR O'ZGARMADI, DO'STIM USMON!
Mastura Abduraim
2026-yil 11-fevral

"ОДАМЛАР ЎЗГАРМАДИ, ДЎСТИМ УСМОН!"
(Эссе мактуб)
"Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб, Нарсаларимни ол. Мадамин Давроннинг уйида пальтом бор. Иброҳим Назирникида этигим ҳам. Шуларни олиб келиб, менга киргизиб юбор. Кетадиганга ўхшайман..."
Тошкент қамоқхонаси. 1937йил.
Усмон Носир.
Ушбу, сенинг азоб-уқубатли йилларингни дебочаси бўлган мактубинг қўлимга тушганига анча вақт бўлиб қолди. Ҳали ҳам эсимда, илк марта ўқиганимда кеч куз эди. Аниқ куни, ёшимни эслолмайман, лекин, элас-элас хотирлайманки, мактабнинг юқори синфида ўқирдим ва мўл-кўл ёмғир аралаш кучли изғирин шамол хонам деразасига шатир-шутир урилиб, бўрондек увиллаётган намчил ва совуқ ноябрь кунларидан бири эди. Балки, 13 ноябрь бўлгану, аввалига сенинг таваллуд кунинг ёдимга тушиб, кейин мактубингни қидириб топгандурман? Билмадим, нега шундай, дойимгидек хотирам рақамлар, воқия-ҳодисаларни эслашда панд бериб турсада, қалб иши яъни кўнглимда кечган ҳиссиётлар кечагидек ёдимда сақланиб қолади. Ҳуддики, онгим юрагим билан ўрин алишиб қолган ёки юрагимни онги бордек. Эсладим, ўша лаҳзаларда қалбим оғриқ тишдек зирқиллаб кетган, кўп кунлар азоб бериб қийнаган эди. Мактубни ўқир эканман ўзимга-ўзим пичирлаган эдим: "Усмон, ёш ва навқирон, эндигина 24 ёшни тўлдириб 25 ёшга қадам қўйган, қора-қош кўзли, соддадил ҳамда истеъдодли кўркам йигит Усмон! Ўша оғир кунларингда сен тугул оилангдан ҳам хабар олмаган, тузингни еб, юксак дўстлик меҳрингни кемириб, юзинга оёқ қўйиб кетган юзсиз дўстларинг ўрнига мен дўстинг бўлсам бўлмасмиди?! Эсингдами, улар учун жонингни ҳам беришга тайёр эдинг. Бир сафар фақиргина уйинга меҳмонга боришганида, улар чекиши учун тамакига пул тополмаган, онангдан нима қилиб бўлса ҳам дўстларинг учун пул топиб беришини илтимос қилгандинг. Шунда онанг биргина бисоти бўлган узугини ечиб берганди. Отанг эса уни сотиб, дўстларинг учун тамаки олиб келган эди.
Ҳа, сенга энг яқин бўлган, кўришганда табассум қиладиган, уйинга ва қалбинга кириб олиб, меҳрингни қозониб олган ҳамма ҳам дўстинг бўлавермас экан. Сен чин дилинг билан уларга хизмат қилар, оғир кунларида елкадош бўлар ва бу ишларингни ҳеч бирини қарз санамас, дўстингни зиғирдеккина ёрдамини ҳам самолар қадар юксакка тенглаб қадрлар экансану, у сен учун қимирлатган биргина бармоғини ҳам олтинга менгзаб, сенга бир умрлик қарзларини ортмоқлаб олган қарздор муттаҳам тамғасини босиб қўяр экан. Шундай, азизим Усмон, Ота-Онанг, туғишганларингдан бошқа ҳеч кимни ўз қадру-қимматиданда юқорироқ қадрлаш,натижада уларнинг шишиб кетган кибрли димоғлари остида қадрсизланиб, соф туйғулар, меҳр-муҳаббат, самимият, дўстликнинг ҳар қандай инсоний туйғулардан юқорироқ турадиган юксак қадр-қийматини увол қимаслик керак экан. Биламан, ҳозир айтаётган гапларим сенга анчайин қора ҳаёл, ҳаётга, одамларга ишончи қолмаган, тушкун руҳиятли кишининг сўзларидек туйиляпди. Аммо, ҳаёт муаллим деганлари рост экан, ёш дўстим Усмон! Яшайверганинг сари ҳаётнинг пасту- баланди, синов ва кўргуликлари, яхши-ёмонини кўраверар, фикрларинг, руҳий қиёфанг ҳаётнинг ҳақиқат ва ёлғонлар тўқнашувчи абадият кўзгусига қараб турли ранг ҳамда шаклларга кириб эврилаверар экан.
Ўша айни 20-24 ёш оралиғидаги ижодинг янги юлдуздек чақнаган, дўст демагани атрофингда гужғон ўйнаётган бир пайтда юқоридаги сўзларимни айтиб, сени огоҳлантириб қўйишга, эҳтиёт бўлишга, ҳар кимга, ҳаттоки, энг яқин дўстинга ҳам ишониб бўлмаслигини уқтирсам мени ҳайдаб солишинг аниқ эди. Чунки, сен уларга ўзинга ишонгандек ишонардинг, уйинга ҳам деярли ҳар куни дўстларингсиз қайтмас, топган-тутганингни аямасдинг. Кейинчи? Кейин, турли хил асоссиз туҳматлар уйиштирилиб, сени авахтага тиқишиб кўнгиллари тинчигач, бирдан 22 га яна шунча йил қўшилиб, ёшинг мени айни пайтдаги ёшимга айланиб қолди ва ҳудди мендек фикрлай бошладинг. Аччиқ ҳақиқат шу азиз дўстим Усмон, бизни душманларимиз эмас, дўстларимиз ўлдиради. Душманлар дўстларимиз уйиштирган спектакль тугагач жанозамизда чапак чалиб туришадилар холос!
Ҳаётинг ва ижодинг билан мактаб давримда танишган эдим ва Туроб Тўланинг сен ҳақингда айтган фикри қанчалар тўғри эканини англаган эдим. ,,Усмон Носир,-деган эди шоир,-Ўзбек адабиётига шамолдай кириб келди, балки бўрондай.., бу шоир тўзондай, балки тўлқиндай кириб келдики, унча-бунча шеърий услубни ва ижодни тўс-тўс қилиб юборди. Уни ўзимизда ўзбекнинг Лермонтови деб аташни бошлашди. Москвадаги газеталарда эса ,,Шарқда Пушкин пайдо бўлди"-деб ёзишди". Ҳа, ушбу фикрлар қанчалик кучга эга эканини чақмоқдек кескир ҳамда шиддатли, ҳеч бир адабий чегара ҳамда услубларни писанд қилмайдиган оҳанграбо шеърларинг, бўронли, тўзонли, лаҳзада ярқ этиб ўтган ҳаётинг мисолида кўриб англаган эдим. Ёд олган шеърларим буғзимдан эмас, юрагимдан отилиб чиқаётгандек туюлар, ўқиганим сари шеърият оламига чуқурроқ кириб борар, эрк, тириклик, яшамоқ, муҳаббат, гўзаллик ва бетизгин инсоний ҳислар қуршовида қолар эдим. Усмон Носир десалар тилимда биринчилардан бўлиб ,,Монолог" шеъридаги ушбу мисралар айланар эди.
Жим! Уфқдан ботар қуёшни
Шарт кесилган бошга ўхшатдим.
Парча-парча куйган шафақлар
Тирқираган қонни эслатди!
Тамом, мен учун ҳеч бир шоир севимли шафағимни бу қадар юксак ва дардли таърифлай олмаган. Ҳеч бири қисматини чуқур ҳис этиб, англаб шеърларига сингитиб юборолмаган. Тонгда чарақлаб, бир лаҳзада уфқдан ботар қуёш ҳам ўзинг, шарт кесилган бош ҳам сеники, парча-парча куйган шафақлар қўлёзмалигича, ҳали китоб юзини кўрмайин пистачига сотиб юборилган шеър, достон ҳамда драмаларинг, тирқираган қон эса қонли кўзёшларга тўла бўлган аянчли ҳаётинг эди, назаримда.
Иккинчи шеъринг руҳиятимга енгиллик, гўзал ҳисларни олиб келар, шу аснода шеъриятга бутун жону-танинг, борингни берганингни ҳис этардим. Одам шунчаки қизиққан нарсаси билан эмас, жону-жаҳони, ҳаётини бағишлай оладиган даражада меҳр-муҳаббат берган, пешонасига битиб қўйилган қисмати томон йўл олиши кераклиги, шундагина бахтли бўла олишини англардим. ,,Яна шеъримга" сонетида шеъриятга, ҳаётга бўлган оловли муҳаббатинг тафти қанчалаб қалбларга чўғ ташламаган дейсан!
Шеърим! Яна ўзинг яхшисан.
Боққа кирсанг гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда…
…Саҳарда қон тупурсам майли
Мен Мажнунман, шеърим сен - Лайли!
О, адабиётга, ижодга, сўзга ошиқликни мана мендан сўроқла, менга тўкиб сол дардларингни ёш дўстим! Сен шеърият бўстонига қанчалар эрта; ўша болалик чоғларингдан етимликнинг аччиқ заҳматларини тотиб, етим болалар интернат мактабида таҳсил ола бошлаган йилларидаёқ бошлаган бўлсанг, мен шунчалар кеч топдим адабиёт аталмиш йўлимни, наср аталмиш қисматимни. Аммо, нима бўлмасин кундай равшанки, юрагимизда гуриллаётган олов, адабиётга бўлган чек-чегарасиз муҳаббат кучи ҳечам фарқ қилмайди. Шу ўринда, ер билан осмонча фарқи борлигини ва ҳудди шу чегара чизиғига тушиб қолганинг, ўша қўрқинчли, қонли мустабид даврида ҳам исёнкор руҳингни йўқотмаганинг, истеъдодингни ҳаётий, ҳур, жозибадор ижодинг билан намоён эта олганингни ўзи буюк жасорат ва унча-бунча ижодкорга тортиқ этилавермайдиган ижодий неъмат эканини англаб турибман. Назаримда, ҳудди ўша ноёб истеъдодинг мактабда ўқиб юрган кезларингдаёқ эътироф этилишинг, адабиёт осмонида янги юлдуздек чарақлашинга ва ортидан атрофингда дўст ниқоби остида яшриниб олган бешафқат ҳасадгўйларнинг зимдан ҳанжар яланғочлаб кўксингни пойлаб туришларига олиб келди. Натижа нима бўлди? Бўлдики, мустамлака халқни бирин- кетин уйғоқ зиёлиларидан тозалаётган қизил қирғин жаллодларига иш қолмади. Сени ёш дўстим, мустабид давр эмас, асосан ўз даврингни шоиру-ёзувчилари, дўстларинг азобу- уқубатлар, очлик, касалликлар, хору-зорликлар билан тўлиб тошган аччиқ қисмат чоҳига итқитиб юборишди.Ана ундан кейин, ,,Боққа кирса гулларни шарманда"қиладиган гўзал шеърларинг дунёга келмасидан туриб, ўзинг билан бирга авахталарда қон туфлай бошлади.
Эҳ, ёш Усмон, 24 ёшида (1937 йил 27 январь) адабий фаолиятининг 10 йиллик юбилейи нишонланган беқиёс истеъдод соҳиби, беназир шоир Усмон! Балки, йўқ балки дейишим хира туман ичидаги номаълум бир саҳнани вужудга келтирадики, аниқлик, ҳақиқат туман ичида хиралашиб қолади. Албатта, ўша юбилейдан кейинги муҳокамада, гўёки ,,Ахлоқсизлик, миллатчилик, аксилинқилобий ташвиқотлар, рус классик асарларини атайдан бузиб таржима қилиш, алалоқибат, халқ душмани каби айбловлар ортида босқинчи жаллодлар эмас, болтасини душман пойи қолиб, ўз-ўзимизнинг илдизимизга ураётган қўрқоқ ҳасадгўйлар қуюқ туман ичидан пойлаганларича ғимирлашаётган эди. Айбсизлигинг, атрофингдаги ижод оломонини дўстларинг деб билганинг учун ҳам уларга ишондинг ва табиийки, алдандинг. Ҳеч қачон, ҳаёлингда ҳам бўлмаган ,,айб"ингни тан олдинг. Душманларингни ҳасад қалқиб турган жоҳил кўнгиллари кўнчиди. Ишонаманки, сенининг истеъдод нуринг остида хиралашиб кўринмай кетадиган келажагидан ҳавотирлари ариб, шайтондек ирғишлаб рақсга ҳам тушишган. Куйиниб кетаман, беихтиёр яна такрорлайман. Иккимиз дўст бўлсак бўлмасмиди, Усмон!? Сени дўст қиёфасига кириб олган ғанимларинг макр-ҳийлаларидан огоҳлантирар эдим. Кучим етганича ҳимоя қилган бўлардим. Биламан, яна ўша юзсиз дўстларингни оқлашга ҳаракат қиласан.,,Оғир замонлар эди, ҳеч кимга осон бўлмаган."- дейсан. Тўғри айтасан, тинчгина ватан, иссиққина уйимда ўтириб олиб гапириш жуда осондир, аммо, асл дўстлик ҳар қандай шароит ҳамда вазиятда ўзлигини сақлаб қолаверади. Душманданда шафқатсиз, виждонсиз кимсага айланиб қолмайди. Сотмайди, сотилмайди! Ишонавер азиз шоирим! Иккимиз дўстлар бўлсак, уйингдан қўлларинга кишан солиб олиб кетишмасмиди?! Уйинг остонасидан зулмат манзиллар томон ҳатлаётганингда онажонинг- муштипар онагинанг ортингдан қон-қон йиғлаб қолмас эди. ,,Мен ўлсам бўлмасмиди болагинам!"-деб нола чекмасмиди?! Сен эса кишан урилган қўлларингни юлқилаганингча илкис ўгрилиб, фарзанди доғида зор қақшаётган онаизоринга ,,Ўлсанг ўлавер!"-дейишга мажбур бўлмасмидинг?! Онанг сени дардинг бир томон, айтган гапинг бир томон -ўртада эзилиб, то умрини охиригача ҳасрат- надоматда ўтмасмиди?! Албатта, бечора онагинанг бу гапни айтган маҳалинг лол бўлганича тили калимага келмай қолган, кимдир қўққисдан юрагига ўткир муз бўлагини санчиб олгандек бўлган, аммо, вақти келиб барчасини тушунган деб ўйлайман. Ўзингни ҳам қийноқ исканжасига солган бу аччиқ гапинг билан фарзанди куйигида зардобга тўлган она қалбини асраб қолмоқ, қолаверса, қизил тузум каламушлари вақти келиб, ,,Халқ душмани оиласи билан тил бириктириб биргаликда фаолият олиб боришган"-деган фикрни уйғотмасликни мақсад қилганингни тушуниб етган. Аммо, она қалби шунчалар беназир, ўхшаши йўқ, улкан ҳамда шу билан бирга шунчалар нозик қалбки, алплардек ғурурли, бўйин эгмас ўғлининг чорасизларча мунғайиб остонадан чиқиб кетиши кўз ўнгида суратдек қотиб қолди ва бутун умри бўйи азоб бериб ўтди. Сенинг изинг эса, Тошкент қамоқхонасидан чиқарилган биргина мактубинг(юқорида келтирилган мактуб) ва бир боргина киргизишга изн берилган егуликдан кейин ном-нишонсиз ўчган эди. На ота-онанг, на жигарларинг қандай айблов билан қамалганингни ҳам билолмасдан битмас саволлар ва ғам-қайғу гирдобига чўкканларича бўзлаб қолаверишди.
Мендан сўрайдиган бўлсанг ёш дўстим Усмон, ҳозир айни баҳор чоғида шаррос қуяётган ёмғир оҳангларига қулоқ тутганимча мактуб битиб турибман. Аслида, мактубимни анча кунлар олдин бошлаб қўйгандиму, лекин орада таққа тўхтадим-қолдим. Юрак-бағримни куйдириб, ўз-ўзидан қуйилиб келаётган илҳом отлиқ бевафо кўзимни шамғалат қилиб қаерларга жуфтак ростлаб қолди билмайман. Ростини айтадиган бўлсам, менда доим шундай бўлган; кўнглимдан чуқур жой олган яқин инсонларим дардларини ичимдан олиб чиқиб оққа туширишга жуда қийналаман. Шу сабабли бошлаб олганим билан, охирга етказишим нақд азобни ўзгинасига айланади. Мана неча кундан буён тутаб-буриқсиб юрагим, димоғимни ачиштириб мудраб ётган илҳомни баҳорнинг тўсатдан қора булутлар карвони ва тўс-тўполон билан келиб қолган илмилиқ шамоли лоп этиб олов олдириб юборди. Бу жараён мен севган булутли ҳаво янада қовоғини уйиб, бўзариб, анчайин салқинлашиб, қийғос гуллаб турган ўриклар, пушти гулларини кўз-кўз қилиб табассум қилаётган шафтолизорлар, барг ёза бошлаган олмабоғлар, кўкалам қир-адирлар бошидан суробсиз ёмғирини челаклаб қуяётган маҳалда рўй берди. Деразам ойналарига шатирлаб урилаётган жала гуёки, шиддатли бармоқлари билан ноутбугим клавишларини ҳам савалаётгандек, ғайриихтиёрий суратда ёза бошладим. Биламан, ҳис этиб турибман, жонажон ватан, она юрт ҳақида сўрайдиган гапларинг бисёр. Тошкент ҳақида ҳам билгинг келяпди. Сенга айтсам Усмон, юртимиз доимгидек қуёшли, доимгидек гўзал ва бетакрор! Азим шаҳримиз эса янада чирой очиб, замонавий тус олмоқда. Биргина, шаҳар марказида янги замонавий улкан бинолар қад кўтараётгани ҳисобига кўплаб дарахтлар қурбон қилинаётгани назардан четга олиб турилса, қолган барчаси ажойиб. Билганингдек, доимий ҳаёт қонуни; нимагадир эришиш учун, нимадандир воз кечишга тўғри келади. Аммо, шундай ҳам бўларканки, бунга даврни айблаймизми, яшаб қолиш учун кураш деймизми ё олчоқ ва виждонсиз кимсаларнинг туғиб қолган кунлари деймизми, хуллас, кўкка бўй чўзиб қулоч ёяётган кўплаб ҳақиқат дарахтлари илдизига болта урилиб, барқ уриб турган ҳаёт ўрмони энг забардаст дарахтлардан тозаланиб тўнкалар даласига айлантирилар экан. Жумладан, сен ҳам ўша ёш ва забардаст, келажакда юрт, ўзбек адабиёти равнақига беқиёс иқтидоринг, ўткир тафаккуринг ҳамда исёнкор руҳиятинг орқали янада улкан ҳиссасини қўшадиган, кўкка бўй чўзаётган дарахтлардан бири эдинг. Қанийди, ўша мустабид даврда, қўрқинч ва ҳадик одамлар юрагига ин қуриб олган, яшаб қолиш учунгина сотқинлик, туҳмат, одамкушлик авж олган жоҳил ва маҳдум замонда яшамаганингда, ижод қилмаганингда эди. Панжара ортига ҳеч қачон тушмаган, сен яъни ,,халқ душмани" қамалгач оиласи батамом ишсиз қолмаган (шоирнинг барча ишлайдиган оила аъзолари ишидан бўшатилган, ҳаттоки сингилларини мактабга олмай қўйишган эди), натижада очликдан, ноиложликдан барча китобларинг, ҳали китоб юзини кўрмаган қўлёзмаларинг пистачига сотиб юборилмаган, 25 ёшга тўлмасдан Златоуск, Владивосток, Магадан, Маринск қамоқхоналарига бирин-кетин ўтказилиб, охирги, азоблар манзилинг Кемероводаги Сибир лагерьига жўнатилмаган бўлар эдинг. Мактубим ҳудди шу нуқтасига етганида қаҳратон совуғи суякларингача музлатиб сени адои тамом этган зиндон қийноғини ҳис этгандай қалтираб музлаб кетаман ва ўша жаҳаннамда ёзган шеъринг ҳамда мактубингни эслайман.
Бўлмоқ истаб шеърият узра дарға,
Итардилар мени чуқур бир жарға.
Менга аён, булбулнинг ошиёниға,
Қўнолмагай уриниш билан қарға.
Балки, бу мисраларни ҳам қамоқхона деворларига ёзгандурсан?! Тун бўйи қаҳратон олган яримта ўпканг билан ҳарс-ҳарс нафас олганингча, йўтал тутиб, оч-наҳорликда силланг қуриб, бошинг айланиб хушингни йўқотар ҳолга келиб қолган бўлсангда, исёнкор руҳинг сўнмас куч ато этиб юрагинга кўмилиб кетаётган дарду-ҳасратларинг, ёзилиши керак бўлган нечалаб шеър, достон ва драмаларингни азобхона деворларига тўкиб солгансану, ҳар тонг муздай сувда ўз қўлларинг билан ўчириб чиқишга мажбур этганларида, сени шу куйларга солган шафқатсиз кимсаларни қарғаб-қарғаб ўз қўлларинг билан ювиб ташлагансан. Биламан, ҳудди шу аламли лаҳзаларда тутқунликдаги азобларинг бир томон, ёзганларингни ўз қўлларинг билан йўқ қилиш бир томон бўлган. Юртинг томонга кўз тикканингча ҳар кун, ҳар дақиқа нажот кутгансан. Кимдир сени қутқариб олишига, айбсизлигингни исботлаб яна она юртинг, адабиётинг, шеъриятинг томонга етаклаб кетишига ишонгансан, умид қилгансан.
,,Синглим Роҳатхон! Эшитдим Ўткир Рашид билан турмуш қурибсизлар. Жуда хурсанд бўлдим. Бахтли бўлинглар. Тошкентга ёзувчилар союзига ,,В.И Ленин", ,,Шаҳло" деган поэмаларимни юбордим. Наҳотки, бутун Ўзбекистонда мени бу ерлардан олиб кетадиган бирорта дўст, ёру-биродар топилмаса? Тошкентга борсам, умрим қамоқхонада ўтса ҳам майли эди. Союзга аям илтимос билан борсин. Мени гуноҳим йўқ. Жоним синглим, хатни ўқигач ёқиб юбор."
Бу хатинг етиб боргач, шу вақтгача на ўлик ва на тириклигингдан хабари бўлолмаган онаизоринг шукроналар айтиб, маҳкумликдан қутилиб яна бағрига қайтиб келишинга қайта умид қила бошлайди ва шу заҳоти ёзувчилар уюшмасига югуради. Афсуслар бўлсинки, умидлари кўпга бормай, уюшма эшикларидан кириши биланоқ жон беради. Уюшмадагилар ,,Халқ душмани"нинг онаси билан гаплашадиган гапимиз йўқ!"-деб не умид ва илинж билан келган онани уюшма эшигидан итқитиб юборишади. Чорасиз она ҳеч бўлмаса жигаргўшаси ўз қўллари билан ёзган қўлёзмаларни кўрсатишини сўраб зор-зор йиғлайди. Аммо, одамийликдан хабарсиз гумроҳ кимсалар онанинг илтижоларига қулоқ ҳам солишмайди. Бу таҳқирлардан юрак-бағри қон бўлган она кўксини чангаллаб уюшма дарвозаси ёнида ерга ўтириб қолади. Тупроққа қоришиб бўзлаб турган она тепасида кимнидир нигоҳини пайқайди ва ўзига масхараомуз тикилиб турган шоир йигитни шу заҳоти танийди. Бу ўша - сени жон дўстларингдан бири, синглинг Роҳатхон илтимосинг билан пальто, этик ва бошқа кийим-бошларингни олгани борганида бошқа дўстларинг каби ,,Мен халқ душманини синглиси билан гаплашмайман!"-деган дўстларингдан бири, деярли ҳар куни уйинга боришиб онангни қўлларидан чой ичган, Усмонимни дўстлари деб бошига кўтарган, кўрнамак ва виждонсиз дўстларингдан биттаси эди. У истеҳзо билан тиржаядида тупроққа қоришиб қон йиғлаётган онагинанг устидан ярим ҳатлаганича уюшма ичкарисига ўтади-кетади…
Сариқ қумлар орасида қон рангли қуёш -
Кўтарилар. Нил оқадир -қуллар тўккан ёш.
Фарёдларга чидолмайди ер билан осмон,
Ро қаерда? Азириса?Қийнайди тўфон!
Кимга йиғлаб, кимдан мадад кутсин бемор қул?
Эрки қулфдир, ҳаёти қулф, бор худолар қулф!
Косасида сув йўқ, қуруқ халтасди: нон йўқ!
Ботаётган қуёш каби рангида қон йўқ.
Кўзида кўз йўқ, белида бел йўқ, ҳайҳот!
Фиравн уни чумолидай эзади: вой дод!..
Айтишадики, сўз шоир ёки ёзувчининг худоси, қисмати ва ўзлигидир. Ижодкор қаламидан сўзлар оқ вараққа тўкилар экан, дардлари, руҳияти, ўзлиги ва шу билан бирга қисматини ҳам ғайриоддий англаш, илоҳий бир ,,тилга ёки дилга солиш" орқали келажакдаги тақдир йўллари, борар манзилларини ҳам битиб қўяркан гўё. Ҳудди шундай, сен ҳам ,,Нил ва Рим"да келтирилган ушбу жумлаларда инсоният эрки, азалий қуллик, тутқунлик ҳақида бўзлар экансан, беихтиёр ўз келажак қисматингни ҳам олдиндан пешонангни ўқиб билиб олгансану, қоғозга битиб қўйгандек эдинг. Ҳа, Сталинга айбсизлигинг ҳақида хат ёзиб, токи ишинг кўрилиб чиқиши ҳақидаги буйруқ ёзувчилар уюшмасига етиб бориб, қайта текширилиб муҳокама қилишгунларича ҳам кўп вақт ўтиб кетади ва бу Кемерово қаҳратони, оғир авахта шароити, мутассил қийноқлар оқибатида бутун вужудингни совуқ уриб кетиши, аввалига ўпканг шамоллаб, сил орттириб олишинг, Синга касаллиги туфайли тишларинг тўкилиб кетиб, бир тишлам нонга зор бўлиб очликдан азоб чекишинг, кейинчалик совуқ уриши натижасида гангрена бошланган оёқ-қўлларингни кесиб ташлашлари ҳамда унча бунча одам боласи чидолмайдиган уқубатларга бардош бера-бера охири жон таслим этишинга кифоя қилади. Нақд етти йил илинж билан кутган оқлов хати Сибир лагерьига етиб борганида, сен аллақчон махбуслар кафансиз кўмиб юбориладиган умумий қабрда бу дунё азоблари, шавқатсиз тузум, жоҳил ва ҳасадгўй одамлар, қўрқоқ ҳамда субутсиз дўстларингдан қутулиб, абгор аҳволда бўлсада жисми-жонинг ором топган эди.
О, шоирим, ёш дўстим Усмон! Бир навқирон, денгиз тўлқинларидек, бўрондек забардаст, исёнкор руҳи коинот сарҳадларинида забт эта оладиган истеъдодли шоирини қандайин азоб-уқубатларга маҳкум этишди?! Айблов учун топган важ-карсонларидан ҳасаддан бошқа нимарсани тополмайсан. Гўзал шеърларинг, ,,Атай бузиб таржима қилинган!"-баҳонасидаги,Гёте (,,Эгмонт"), Лермонтов (,,Иблис"), Пушкин (,,Боғчасарой фонтани") достонлари, Добролюбов (,,Ҳақиқий кун қачон келади?") нинг йирик асари, Гейне, Готе, Байрон шеърларини маҳорат билан, жаҳон адибларини ўзбек тилида бийрон гапиртирган таржималаринг қандайдир сохта пафосларга йўғрилган ёки бузиб таржима қилинганида эди, абадий яшаб қололмаган, умри қисқа бўлур эди. Китобларингни варақлай туриб, шум қисматингдан юрагим эзилиб кетаверади. Агар озод ватанда, руҳиятинга мос бўлган ҳурлик нашидасини суриб, ўткир истеъдодинг, исёнкор шижоатинг билан ижод қилганингда, ҳасадгўй ғанимлар мақсадларига эриша олмаганларида Мир Алишер Навоий бобомоз каби кўб ва хўб ёзган бўлур эдинг. Ажиб, ўзига хос янгича услубдаги аъшорларинг бемаврид қорда қолган атиргул ғунчасидек совуқ уриб қовжирамас, ёш жонинг ҳам увол кетмас эди деб ўйлайман. Севимли шоирим Абдулла Орипов таърифлаганидек: ,,Усмон Носир улуғ ва абадий шеърият дийдасининг оқиб улгурмаган шабнамидир, у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир". Ҳа, ҳудди шундай, гуёки ёза туриб бирровга тоза ҳавога чиққансану, сал туриб қайтиб келиб, чала қолган шеърларингни яна давом эттирадегандексан. Ҳеч қачон қаримайсан, абадий ёш ва навқирон шоир йигитча бўлиб қоладегандексан. (ҳудди Лермонтов, Есенинни қарилигини тасаввур эта олмаганимдек, сени ҳам қариб мўнкиллаб қолган шоир чол кўринишида кўз олдимга келтиролмайман. Кузда (ноябрьда, чунки бир ойда туғилганмиз), қишда (Сибирда тортган азобларинг ёдимга тушаверади), баҳорда (,,Боғим" шеъри ҳаёлларимда айланади), ёзда (оловли ижодинг, руҳиятинг, қисматингни ҳис етаман), ҳар юрак зарбида, кечки шафақда, денгиз-боғларда, тоғларда, хулласкалом ҳаёт ва адабиётда навқирон қиёфанг, шеър ҳамда достонларинг, драма, таржималаринг, биргина афсуски, оғриқ, дард, азоб-уқубатларинг билан абадий қолдинг. Ҳудди ўзинг айтганинг каби:
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим
Шеърларим янграб қолур…
Бир умрга ўлмайман.
Мактубни шу нуқтасига келганимда, беихтиёр, бундан 24 йилча олдин, айни кўклам чоғида бўлган воқия кўз ўнгимда тасвирланади. Сабаби, ҳозир айни ёзиб турган пайтим ҳам ташқарида гўзал баҳор фасли ҳукмронлик қилмоқда ва қўшни малиназорни макон тутган булбул сайроғи ҳаёлларимни ўша ўтмиш маконлари томон етаклаб кетди. Мактубни жойида тўхтатиб, деразам томон юрдим. Ҳовлимиздаги ўриклар чунонам гуллаганки, гуёки бутун дунёни, баҳорнинг майин шабадасида парвоз этаётган оқ - нимпушти ўрик гулбарглари ва мен севган ўзига хос асал таъмли ифори тутиб кетгандек туюлади. Ҳозиргина очиб олган деразамдан бошимни чиқариб кўм-кўк осмонга, баҳорнинг анчайин ўткирлашиб, яхшигина қиздираётган қуёшига кафтимни паналатиб боқаман. Қанчалар сурурли! Она юрт, тинчлик, баҳор, яқинларинг, бахтли дамлар, хотиралар…Шу заҳоти Навоийдаги келинлик уйим рўпарамда қад ростлайди. Яна баҳор, тоғлар, қир-адирлар, шарқираган сойлар, таниш чеҳралар. Ана, супадаги ток сўри остига қўйилган чорпояда ўн чоғли меҳмон аёллар (Қайнона онамнинг бирга таҳсил олишган адабиётшунос дугоналари, ҳар баҳор бизникида йиғилишарди) ўтириб олишиб, завқ билан чапак чалишмоқда. Саҳна марказида эса 4-5 ёшлар оралиғидаги қизалоғим Ситора бор овозида шеър айтмоқда. (тили чиқар-чиқмас бувиси ғазал, қитъа, рубоий ва шеърлар ёдлатган эди)
-Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш…
Ўқиб бўлгач тантанавор оҳангда ,,Алишер Навоий!"- деб муаллифни айтадида таъзим этади.
-Энди Бобур Мирзодан айтчи!-ҳар ёндан чувиллашади аёллар.
-Толе йўқи жонимга балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Томошани айни палласида бувимиз яна кўплаб мутафаккир ва шоирлар исмини айтиб чувиллашаётган адабиётшунос дугоналарини тўхтатади ва ўзи кичкина адабиёт шайдосига айлантирган суюкли невараси - қизимга юзланади.
-Қани болажоним, Усмондан айтчи!
Дугоналар шу ондаёқ қийқиришиб юборишади. Тик туриб эшитиб турган мени ҳам қитмирона туртиб қўйишиб, гап қотишади.
-Қайнонангиз ёшлигимизда, ўқиб юрган кезларимизда Усмон Носирга ошиқ эдилар. Адабий кечаларда унунг шеърларини ўқимасдан саҳнани тарк этмасдилар.
Барча дугоналар кулишади. ,,Усмонга ҳаммамиз ошиқ эдик. У ҳам адабиётга, шеърларига ошиқ эди. Шундай буюк ошиқни йўқотиб энди бўзлааб шеърларини ўқиб турибмиз. Айт болагинам, айт! Юракларимиз қон бўлиб эшитайлик…
Шерим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кисанг, гуллар шарманда…
Қизчамнинг шеърларидан кейин, дугоналаримиз орасида мушоиралик бошланиб кетади. ,,Юрак", ,,Яна шеъримга", Боғим", ,,Монолог", ,,Нил в Рим" ваҳакозо бетакрор ижодинг намуналаридан ёд айтишади. Ҳаётинг ва ижодинг ҳақида узоқ суҳбат қуришади. Охир-оқибат шундай эканки, ёш дўстим Усмон, маҳдум тузум, бешафқат сиёсат, ҳасадгўй кимсалар минг чиранишиб ҳаракат қилшмасин, қўлидан келганлари фақатгина жисмингни йўқ қилиш бўлар экан. Асл истеъдод, ҳақиқат руҳи, адабий қиёфа, адабиётни, чин ижодкорни ҳеч ким йўқ қилолмайди ва ҳеч бир куч бунга қодир эмас. Сен ҳамон борсан! Ҳамон яшамоқдасан! Ҳамон, она юртингни ҳар бурчакларида, наинки, ўша олис Кемеровода ижодинга бағишланган адабий кечалар бўлиб ўтмоқда. Ҳамон, чуқур ҳиссиёт, поэтик туйғу, қалб кечинмалари билан суғорилган бетакрор шеърларинг инсонлар юрагида яшаб келмоқда.
Дўстим Усмон, сенга айтар гапларим, дардларим кўп. Билмадим негадир сен мени яхши тушуна олсанг керак деб ўйлайман. Охирги айтар сўзим, балки таскин бўлар, ёки яна юк; замон ўзгарди, тузум ўзгарди, давр доимгидек тинмасдан алмашиниб турибди, аммо, одамлар ўша- ўша! Одамлар ўзгармади, дўстим Усмон! Одам ўзгармади…
Тамом. 1/04/2025.
Мастура Абдураим.