МАТИЛДА
Mastura Abduraim
2026-yil 20-fevral

(ҳикоя)
Столим устида тартибсиз ёйилиб ётган қўлёзмаларимни ҳафсаласизгина йиғиштира бошладим. Бир четга тахлаб қўйдиму, ноутбугимни ёпишга чоғландим. Аммо, кўплаб таҳририятларга жўнатилган, бирортасидан ижобий жавоб ололмаган электрон почтамни умид билан яна бир бор очиб кўришга қарор қилдим. Баъзиларига келган «Жавобимизни кутинг!», «Катта ҳикоя экан, қисқароқларидан юборинг!», «Бизга тўғри келмайди» каби жавобларни айтмаганда, деярли ҳеч бир ижобий натижа йўқ эди. Яхшигина пул мукофоти қўйилган(аслида пул учун ёзилмайди, аммо пулсиз ҳам яшаб бўлмайди. Начора!) танловлардан, «Бу танлов ёш ижодкорлар учун! Ёшингиз талабимизга жавоб бермайди!»- деган жавобни оламан. Нашриётлардан эса, «Асарларингизни ҳисобимиздан чоп этолмаймиз, сотилишига кафолат йўқ. Чунки, улар оммалашмаган!»- баҳонасини эшитаман. Озгина ўтиб бир янгиликдан қувониб сакраб юбораман. Бу лойиҳа бўйича илк китобим умумий жамғарма ҳисобидан чиқарилиши мумкин экан. Боғланаман. «Бу лойиҳамиз асосан ёш - 35 ёшдан ошмаган ижодкорлар учун, ёшингиз ўтиб кетибди, 5 йил ортиқча. Иложимиз йўқ!» Эй, одамзотлар, ижодни бошлаганимга атиги тўрт йил бўлди, ижодда мендан ёши йўқ! Фаросатни ишлатинглар деб ҳайқиргим келади.
Асабийлашдим, ғувиллаб, тош қотган бошим гир - гир айланиб, кўзим тиниб кетди. Йиқилиб қолмаслик учун тезда стулимга ўтирдим. Яна қон босимим ошди шекилли? Аччиқ қаҳвани камайтиришим керак! Шифохонада ётиб даволаниб чиққанимга ҳам кўп вақт ўтгани йўқ. Шифокорим барчаси уйқусизликдан эканлигини, кечаси ухлаб, қаҳва ичишни камайтиришимни қатъий тайинлаганди. Бу тартибларга амал қилмоқ қаерда? Яшаш учун нима керак? Албатта пул керак! Пул топиш учун эса меҳнат қилиш керак, заҳмат чекиш керак. Уззу кун ишдаман. Кечга судралиб уйга қайтаман. Болалар, супир - сидир, идиш - товоқ...Ҳали соат миллари ўн бирни кўрсатмасдан мен тайёр бўламан. Қовоқларим тошдек оғирлашиб, кўзларим юмилиб кетаверади. Оёқ - қўлларим ҳудди бировникидек ўзимга бўйсинмай қолади. Ўрнимга ётсаму, дунёни, унинг тугамайдиган ташвишларини унутиб ухласам - қотсам. Аммо, ҳа ўша аммолар бизни абгор қилади. Мажбуран ижодхонамга йўналади қадамларим. Чала ётган ишларимнинг сон саноғи йўқ. Ўқиб ўрганадиганларим унданда сероб. Ухлаб қолсам ким қилади шунча ишни? Натижада, яна асабийлик, ниҳоятда аччиқ бўлган қаҳва, ёзиш учун энгашаман. Кичкинам келиб мушук каби суйкалади. Эътибор бермасам ғингший бошлайди. «Ойии, эртак айтиб бериинг!» Тамом, мен мағлубман. Кичкинамни ухлатгунимча ўзимни ҳам кўзим кетади. Қанча ухладим , ухламадим чўчиб уйғонаман. Секингина, оёқ учида ижодхонамга йўл оламан. Шаҳарнинг тор уйи эмасми, даҳлизда эрим билан дуч келиб қоламан. Унинг қовоғи уйилади.
-Яна бекорчи ишларингни бошлаяпсанми? Нима фойда топаяпсан а, шу ёзув - чизувларингдан? Туни билан ухламайсан, эрталаб ишга кетамиз, гап йўқ, сўз йўқ. Кечга қайтганимда яна шу аҳвол. Кўзларингни қара, толиб, қизариб кетипди. Сариқ чақалик фойда келтирдими сенга шу ёзувларинг?
Ҳозир турмуш ўртоғимнинг кўзларига мулойимгина боқиб, «Адабиётни тушунмаган, тижоратдан ортиб қўлига бир бора китоб ушламаган одам, мени қаердан ҳам тушунардингиз?!» дейишим мумкин. Аммо, ўзим каби сиқилиб, рўзғор, бола - чақа, уй, ташвиш деб аламдан ким билан жанжаллашиб, хуморидан чиқишни билмай турган одам мени гапларимга тушунармиди? Тушунганидачи? Бирор нима ўзгарармиди? Гоҳида эримнинг гаплари ҳақ эканлигини, умримни беҳуда сарфлаётгандек, асабларимни қон қақшатиб, ўзимни алдаб яшаётгандек бўламану, ҳаммасига қўл силтайман. Бу ҳолатим бир ёки икки кун давом этади. Чунки, мен ёзиш васвасасига бундан ортиқ бардош беролмайман. Хулласкалом, бугунча дам олишга қарор қилдим. Эртага дам олиш кунида ҳам қўлимга қалам ушламасликка, уйда биқиниб ўтирмасдан оилам, болаларим билан табиат қўйнига сайрга чиқиб, айқаш - уйқаш ғоялару, битмас - туганмас бошоғриқ қаҳрамонларни эсдан чиқаришга, уларга раво кўрадиган тақдир чизгилари, пешона битмишларини ҳаёлларимдан қувиб юборишга қарор қилдим.
Муддатли истеъфога чиқишдан аввал компьютеримга бир қўр назар ташлаб, у - бу ёзганларимни тартиблаб чиқиш ниятида ижод блогимга кирдим. Қандайдир сайтдан таклифнома келибди. Унда айтилишича, қачондир ушбу сайтда ҳикоялар танлови эълон қилинган. Улар ҳикоялар, муаллиф ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яқиндан танишиб чиқишган. Улар қаторида албатта мен ҳам бор эдим. Бир эмас, иккита ҳикоямни жўнатгандим. Лекин, танлов натижасидан дарак бўлавермагач, ёдимдан ҳам чиқиб кетганди. Мана, якка - ю - ягона, олий ўрин билан табриклашибди. Ҳафта бошига кўрсатилган манзил бўйича бориб, совғаларимни қабул қилиб олишимни айтишибди. Аввалига ишонмадим. Кейин кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиб, барчасига ишончим комил бўлгач, теримга сиғмай кетдим.
Бутун оила уйқуда, бир мен ва у уйғоқмиз. Ҳар куни ярим тундан оққанида шу аҳвол. У кун бўйи қилган ишлари, менинг ижодим, келажакдаги ютуқларим ва муваффақиятларим томон қилган қадамлари, қарорлари ҳусусида ўртоқлаша бошлайди. Бу ўша ташкил этилган танловдаги ғолиблик мукофотим Матилда бўлиб, танловнинг асл мақсади бўлмиш, ғолиб ёзувчининг табиати, мижози, юриш - туриши, ижоди, бутун ҳаёти суний онгига жо этилган, фақат мендан мукаммалроқ, ҳис - туйғуларсиз, зафарлар томон олға юрадиган совуқ, вертуал нусхамдир. Танловни ҳам, Матилдани ҳам вертуал ўйинлар ишлаб чиқарувчи компания таъсис этганди. Мен ўзим имзо чекиб тасдиқлаган шартнома ва Матилда ҳақида маълумот берилган китобчани совға сифатида қабул қилиб олдим. Танишиш мақсадида йўриқномани варақладим; У ақл билан иш кўради, юрак ишини билмайди. Ортга қарамайди, қайтмайди. Ҳар қандай йўл бўлмасин, омад ва машҳурликка етаклайдими бас, олға қадам ташлайди. Кўринишини инсондан фарқлаб бўлмайди. Мимика, овоз, гавда ҳаракатларигача мукаммал барпо этилган. Уни биринчи бор кўрганимда ҳайратдан ёқа ушладим. Тахминан ўн йил олдин қандай кўринишга эга бўлган бўлсам, ҳудди ўша кўринишда, фарқи, у мендан хушсуратроқ ва ақиллироқ, сўзамол, кибрли, энг ёмони ўта худбин.У фақат ўзини дейди, ўзгалар билан эса сариқ чақалик иши йўқ.
-Ҳурматли Адибам, ижодингиз билан аллақачон танишиб чиққандим. Асар ва ҳикояларингиз аъло, ёзиш услубингиз ҳеч кимникига ўхшамайди, ғояларингиз мукаммал, тақлид сизга бегона. Бир айбингиз ўзингизга юқори баҳо бера олмаслигингиздир. Йўқса ҳозир китобларингиз чоп этилиб, ҳисобсиз мухлислар қуршовида, олқишлар остида қолган бўлар эдингиз. Бугундан мен ҳудди шу «Машҳурлик» миссияси рўёби учун энергия сарфлайман. Маълумот ўрнида; Кеча ижод намуналарингиздан энг сараларини кўп тиражли журнал ва газеталарга жўнатдим. Муҳаррирлар билан эса алоҳида - алоҳида гаплашиб, танишиб чиқдим.
-Бекор овора бўлибсан, Матилда! Ҳеч биридан жавоб келмайди. Ҳаттоки, баъзилари саломинга ҳам алик олишмайди. Керак эмас! Уларсиз ҳам ижодим ўз мухлисларини топади албатта, вақти келиб бўлади барчаси.
-Бекорчи гапларни қўйинг адибам, сиз ортиқча, чалғитувчи муаммолар ҳақида бош қотирманг. Яхшиси ҳозиргина келиб тушган илк янгилигимни тингланг. Ҳикоянгиз ўша машҳур, муҳташам журналда чоп этилмоқда. Эртага қўлингизда бўлади.
Ҳайратдан гапиролмай қолдим. Наҳотки, юз йилдан буён ижод намуналаримни қабул қилмаган, умуман, янги етишиб келаётган ёш ижодкорларнинг унча бунчасини саҳифаларига лойиқ кўрмаган муҳташам журнал мени маъқул деб билган бўлса?! Қойил! Қувончдан сакраб юбораёздим.
-Қойил сенга Матилда! Бунга қандай эришдинг? Журнал муҳаррири димоғдор, кўплаб насрий китоблари чиққан машҳур ёзувчилардан бири бўлиб, бирор марта бўлсин саломимга алик олмаганди. Электрон почтасига юборган ҳикояларимни очиб ўқиганига ҳам гумоним бор.
-Бу ҳечам қийин эмас. Мен авваламбор унинг табиатини ўргандим, сўнгра ижоди билан яқиндан танишдим. Унга ёқадиган сўзлардан, озгина хушомад, аёллик тароватимдан ҳам зиғирдеккина фойдаландим. Хуллас, ҳикояларингиз ойма - ой журналда босилиб чиқаверади. Сиз эса хоним, тайёр туринг у билан ширин суҳбатлар қурасиз. Учрашув эртага оқшомга нуфузли ресторанга белгиланган. Биласиз, вертуал эгизагингиз бўлганим сабабли реал муносабатларга, гарчи истасамда иштирок этолмайман.
- Нима?! -бу ҳайқириғимдан назаримда Матилда ҳам вертуал бўлишига қарамасдан таъсирланди, бир хиралашиб, липпиллаб қўйди.- Бўлиши мумкинмас, сен ҳали мени номимдан шахсий қарорлар қабул қиляпсанми? Нима ҳаққинг бор менинг шахсий чегараларимга даҳл этишга?
Матилда майин, ишва билан жилмайди. Узун киприкли, шаҳло кўзларини пирпиратди.- Шу реакция ва ҳудди шу жавобни кутган эдим сиздан. Авваламбор, мен эмас, биз деб гапиришингиз даркор. Кейин эса, сизни унамаслигингизни ҳисобга олиб ҳозирча «online» учрашувга келишгандим. Ҳаётий учрашув сал ўтиб уюштирилади. Учрашсангиз арзийди адибам, у ҳаттоки китобингизни чиқартиришга ҳам ваъда берган.
-Истамайман, ҳеч кимдан, ҳеч нима хоҳламайман. Тез кунлар ичида бундай ижобий натижаларга эришиш учун нималар қилганинг менга кундек равшан. Ноз - карашма қилиб бу суяксиз эркакни йўлдан ургансан. Айтганча, нақадар жирканч ҳолат, йўлдан урганмиз. Ҳа, ҳа ахир мен - сен, сен эса менманку айни пайтда. Виждонсиз, машҳурлик васвасасида ор - номусини сотган, юзи қора адиба! Нақадар ажойиб! Бугуноқ сендан воз кечаман! Менга умуман керак эмассан!
-Адибам, сиз шартномага имзо чеккансиз. Шартномани бир йилгача бузишга ҳаққингиз йўқ! Маълумот ўрнида; жаримасини умрингиз бўйи тўлолмайсиз, натижада панжара ортига равона бўласиз. Матилда дона - дона қилиб, ширинсуҳанлик билан билдиришнома берди. Камига жаҳлдан қизариб, бўзариб кетган афтимга қараб ширингина жилмайди. Тепа сочим тикка бўлди. Асабларим қақшади. Аммо, не қилайки, ҳозирги иқтисодий аҳволимизда сариқ чақани ҳам беҳуда ишлатолмасдим. Ижара уйимизнинг ҳар ойда югуриб келадиган тўлови, болаларнинг мактаби, оила харажатлари барчасига пул керак. Жарима ҳақида ўйлашга на бирор кимдан оладиган пулим, на тоқатим бор. Панжара ортидан яратганнинг ўзи асрасин! Нима қилсам экан? Туни билан ухламасдан ўйлаб чиқдим. Охири, биргина йўлим Матилда билан келишиб олишга қарор қилдим.
Кунлар, ойлар ўтар экан, ё мен Матилдага мослашдим, ёки у менга мослашиб ҳаракат қила бошлади. Ҳар куни ярим тунда мен ноутбугимни ёқар, Матилданинг мафтункор юз - кўзи, келишган сарвқомати хона марказида пайдо бўлар, мен ёзишга киришардим, у эса ижодим тарғиботи билан шуғулланарди. Чарчаб уйқуга ётганимда ҳам, гоҳ Матилданинг шўх- шодон кулгуси, гоҳ пичирлаб гап қотиши эшитилиб турар, ҳикояларим яшин тезлигида дунё юзини кўраётганди. Тез орада адабий кечалардан таклифномалар, ижодий учрашувларга, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда энтервюларга таклифлар кўпайгандан кўпайиб, у ёқдан, бу ёққа сандироқлашдан бошқасини билмай қолдим. Уч ой деганда иккита китобим дунё юзини кўрди. Тақдимотлар, олқишлар, мухлислар қуршовидаги, аввалига шон - шуҳратдан энтикиб, масрур этгувчи қувончли, ҳаяжонли кунлар, бора - бора мени зериктира бошлади. Кейин эса ҳеч кети кўринмаётган бу бошоғриқ давралар, ёпишқоқ мухлислар(шу пайтгача орзуйим бўлган) меъдамга шу қадар тегиб кетдики, улардан қочишга, олдингидек, қарчи қийналган бўлсамда, ўша торгина хонамда, ёлғиз, бошимни чангаллаб ижод қилишни орзу қилаётган эдим. Сабаби эса оддий. Мен ўзим англаб етолмаган ўша пайтларда асл ижодкор, эркин ва озод қуш эдим. Ҳеч кимсадан қарздор эмасдим. Муттаҳамлик, маддоҳлик, сохталик менга бегона эди. Ёзганларим ҳам самимий, мавзуларим зўрама зўраки эмасди. Асарларимни бирор жойга ўтиши ёки кимнингдир кўнглини хушнуд этиб, уни мадҳ этувчи, менга, гарчи қадр - қимматим, ор - номусимни топтаб, оёқ - ости қилсада, битмас - туганмас машҳурлик, ижодимга фойда келтирувчи махсус восита сифатида оққа туширмасдим. Қалбим бошқа - ю, тилим бошқа эмасди. Эл - юрт, мухлислар кўз ўнгига сиполик ниқобида чиқмас эдим...
Кун сайин менинг қалбим ўлиб бораётганди. Энди менга, ижодимга меҳр берган мухлисларимни ҳам оёқ учида кўрар, ўзимга бино қўйиб, осмон қадар кибрланар эдим. Машҳурлик васвасаси шахсий ҳаётимга ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Кичкинамга эртак айтиб, қучиб ухлатиш ҳаёлимга келмас, у ўзи йиғлаб, ўзи овуниб ухлаётганида, мен Матилданинг буйруғи билан янги асаримни бошлаётган бўлардим. Эътиборсизлигим туфайли турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг меҳри кундан кун сўнаётгандек эди. Мен буни ич ичимдан сезиб, билиб турсамда, ҳуддики жимжимадор тилла қолипдаги сурат каби бақрайиб турар, миқ этмасдим. Матилда эса бекорчи ишларга вақт сарфламаганим учун мендан бағоят миннатдор эди ва мени тўхтамасдан ёзишга ундарди. Ҳа, мени нусхам, барчани ўзига оҳанграбодек тортадиган мафтункор Матилда қалбсиз эди. Унинг онги шу қадар кучга, мукаммалликка эга эдики, у сониялар сайин мени машҳурлик, кибр чўққисининг энг юқори нуқтаси томон сургаётганди. Бунинг тўлови эса виждон зиналарини топтаб, юзсизлик ридосини эгнимга илиб, қўлимдаги, мутлақ ғолибликни ҳадя этгувчи, тутқинлик, эрксизлик байроғини ҳилпиратмоқ эди. Матилда билан келишганим шахсий ҳаётим, эркин ижодимга даҳл этмаслик шарти, дабдаба, кўзимни қамаштириб, басир қилаётган манманлик - кибр чўққисига кўтарилганим сари ўз - ўзидан сиқиб чиқарилаётганди. Охир оқибат мен буюк графоманга айландим. Илҳомсиз, ижод сурурисиз, осонгина сатрларни тўлдиравердим. Ҳикоя, қисса, романларим бирин - кетин дунёга келаверди. Менинг кўр - басир, маддоҳ у, виждонсиз, орсиз ногирон болаларим...
-Адибам, мана банкдаги ҳисоб рақамингиз ҳақидаги маълумотлар. Сиз мисли кўрилмаган, ҳали бирор ёзувчи эриша олмаган, ижоди ортидан бойликка эришган илк рекордчи адиба мақомига эга бўлдингиз. Бир йил ичида «Гиннеснинг рекордлар китоби» ва «Нобел мукофоти»га номзодингиз қўйилди. Бу бизнинг асл мақсадимиз эди. Бу бизнинг ютуғимиз. Адибам, биз ғолибмиз. Биз душманларни янчиб ташладик. Матилда синовдан ўтди. Энди абадий биргамиз. Менинг нусхаларим эса бутун дунёга тарқайди.
Матилда айтганидек, унинг нусхалари бутун дунёга тарқай бошлади. Эрксиз, занжирланган адабиёт эса кун сайин ўлим томон кетаверди. Чўққилар, талашиб - тортишиб, виждонсизлик, орсизлик билан забт этилаверди. Эндиликда бутун дунё ижодкорлари Матилдасиз юра олмайдиган, усиз қўлига қалам тугул, сув ҳам тутолмайдиган аҳволга тушишди. Бу адабиёт инқирози, қиёматининг бош сабабчиси, айбдори ва дояси мен эдим. Ҳа, мен эдим, Матилдани синовдан, таржрибадан ижобий ўтказиб, ҳаётга тадбиқ этган. Чек қўювчиси ҳам ўзим бўлмоғим керак!
Илк нусха Матилда бўлгани сабабли, қолган минглаб «Матилда»лар бошқаруви унинг онгида сақланар, барча ижодкорлар у томонидан бошқарилар эди. Гарчи, қанотлари қирқилган бўлишсада, олтин қафас қутқуси, машҳурлик ёғдуси уларни Матилдалар томонидан бошқарилаётган манқуртларга айлантираётганди.
Мен Матилдадан ҳалос бўлиш, олтин қафасдан, тутқинликдан қутулиш йўлини қидирдим. Аммо, мен оддийгина, бир гуноҳкор инсон эдим. У каби мукаммал онг, чексиз куч - қудратга эга эмасдим. Лекин, бир устун тарафим бор эди. Ҳа бу инсонлигим эди. Менда яратган томонидан қалб - виждон тортиқ этилганди...
Мен энди ноутбугимни очганимда Матилдага эътибор бермасдим. Унинг буйруқлари, шартларини эшитмас, натижада улар ҳавога сингиб кетаверарди. Ёдимдан кўтарилиб, чалажон бўлаёзган илҳомни топиб, қўлимга қалам тутганимда, қайтадан парвоз қила бошладим. Тўхтамасдан гапириб, такрорий эслатмалардан системаси қизиб, таназзулга юз тутаётган Матилдани овозсиз режимга қўйдим. 24 соатда бир соатга рухсат этилган уйқу режимини эса ҳеч қачон ўчирмадим. Мажбурий асарлар тўқиш ўрнига қизчамни қучиб, эртаклар сўйладим. Машҳурлик васвасаси ўрнини оилам, яқинларим учун доимо юрагим тубида сақлаганим меҳр -муҳаббатга алиштирдим.
Бутун дунё Матилдаларни олқишлаётган бир пайтда, кераксиз туманга айланган менинг абгор нусхам, мукаммал онг соҳибаси бўлмиш Матилдам, ихтиёрий тарзда ўз - ўзини йўқ қилиш режимини ишга туширди...
Бугун ҳаво жуда ажойиб! Оилавий сайрга чиқамиз шекилли...