So'z sehri...

Hikoyalar

ИСТИСНО

Mastura Abduraim

2026-yil 20-fevral

3 daqiqa o'qish3ko'rish0 yoqtirish0 izoh
ИСТИСНО
#kitob#asar#adabiyot#ona#farzand#bolalar#orzu

                                                                  

                                                                  (Ҳикоя)

Қизалоқни етимхонамизга олиб келишганида айни баҳор палласи эди. Кун яхшигина изғирин, симиллаб ёмғир ёғиб турарди. У жуда нимжон эди. Қоқсуяк қўл-оёқлари совуқдан кўкариб кетган, ҳали танасида туғруқ қолдиқлари сақланиб турар, киндиги ҳам қандайдир ўтмас матоҳ билан кесилганлиги, йўлига бойланганлги учун сирқиб қон томчилаб турарди. Совуққотиш ва қон йўқотиш туфайли гўдакнинг овози ҳам чиқмас, ҳудди мушук бола каби аҳён-аҳёнда чийиллаган овоз чиқариб қўярди. Танасини номигагина ёпиб турган исқирт латта эса шундоққина ахлатхонадан олиниб гўдак танасига ўралгану, гўдакни ахлат қутига жойлаб кетилганлигидан далолат бериб турар эди.

   Қизалоқ мендан яратган ҳақида сўраганида беш ёшни ошириб, олтига қадам босиб қолган эди. У пешонасига  тез-тез тушиб, кўзларини тўсиб қолаётган сарғиш жингалак сочларини бармоқчаларида юқорига олиб қўяр, ферузаранг қорачиқлари юлдуз каби порлаб турарди. Унинг бу беғубор кўзлари олти яшар қизалоқ қиёфасидаги олтмишни уриб қўйган, ҳаётда кўпни кўриб қўйган кампиршо нигоҳини эслатар, саволлари ҳам гоҳида болаларча содда бўлса, бошқа пайтда мени ҳам ҳайратлантирадиган даражада мураккаб бўлар эди.

-Опа, нега намоз ўқийсиз?

-Худони яхши кўраман, шу сабаб унга сажда қиламан ширинтойим!

-Худо қаерда яшайди, Опажон? У ҳам бизни яхши кўрадими?

-Осмонда!- дейман соддагина қилиб.- У бизни кўриб туради. Қаерда бўлсак ҳам. Бир пайтни ўзида ҳаммамизни кўра олади ва ҳаммамизни яхши кўради. Яхши бўлсак қувонади, ёмонлик қилсак, ҳафа бўлади.

-Қандай қилиб ҳаммамизни кўра олади? Ҳаа, жуда катта эканда у!? Қизалоқ кўзларини қуёшдан пана қилиб кўкка тикилади.- Менга кўринмаяпдику?

-Уни ҳеч биримиз кўролмаймиз. Фақатгина у бизни кўриб туради.

-Шу қадар катта эканда!?-ҳайратланади у,-Биз чумолидек кўринарканмизда?

-Шундай деб ўйлайман.

-Мен Ота-Онамни сўрасам, мени эшитармикин?

-Эшитади! У барчамизни эшитади.

-Мен ҳам сиз билан намоз ўқисам майлими?Мен ҳам худони яхши кўрмоқчиман.

-Майли. Бирга яхши кўрамиз.

-Сиз худони ҳечам кўрмаган бўлсангиз борлигини қандай биласиз?-саволларга тўла кўзларини менга тикади у.

-Шунчаки биламан...Юрагим сезади.

-Қандай қилиб, кўрмагансизку?

-Оллоҳ барчамизни яратган. Осмонни, ерни, қуёш, ой, тоғлар, одамлар...Мени, сени ҳам...Шу сабабли юрагимиз яратувчисини танийди, сезади. Тушундингми, фариштам?

У бошини кескин силкийди.- Мен ҳам сезяпман, опа, мана ишонмасангиз юрагимни эшитиб кўринг! У кўксини тутади. Мен қафасдаги қушдек патирлаётган юракчасига қулоғимни босаман.- Ҳаа, юракчанг сезибди. Танибди Яратган эгасини.

- Опа, худо фақат яхшиларни яратганми, сизга ўхшаган? Ёмонларни ким яратган?

-Яхшини ҳам, ёмонни ҳам худо яратган. Иккисини ҳам бир хил яратган, аммо, уларнинг ўзлари ё яхши, ёки ёмон бўлишни танлашган.

-Ҳаа, ҳудди сиз билан мендекми?

-Нега мен билан сендек?

-Сарварнинг айтишича, мен ёмон, йиғлоқи қиз бўлганим учун Ота-Онам ташлаб кетган эмиш!

-Шошмай турсин Сарвар, бу гапи учун қулоғидан чўзиб қўяман. Камига оғритадиган укол ҳам қиламан. Сен энг яхши, энг ақилли фариштачамсанку мени! Ҳадичам мени...Уни қучаман, ёноқчаларида қотган кўз ёшларини артаман.

-Опа, Отам билан Онамни ҳам худо яратганми?

-Албатта!

-Нега унда уларга «Ҳадичани ташлаб кетманглар! У ҳар куни йиғлайди, ёмон тушлар кўриб қўрқади!»-деб айтмаган. Нега мен уларни соғинганимни, кутиб ўтирганимни айтмаяпди?

-Айтади, фариштам, айтади. Фақат, улар худони эшита олишмаябди. Агар сен худодан сўрайверсанг бир куни албатта ҳудди сен хоҳлаганингдек Ота-Онанг келади.

У қувониб кетади. Эшикка умид билан кўз ташлаб қўяди.-Овоз чиқариб сўрайверсам бўладими. Ё сиздек пичирлаб сўрайми? Сиз нима сўрайсиз опа? Ота-Онами?

 

-Яхшиси, мендек ичингда сўраганинг маъқулроқ. Худо ҳар қандай ҳолатда сени эшита олади. Ҳатто ўйласанг ҳам.

Ҳадичага рўмолча ва жойнамоз ҳадя қилдим. Иккимиз ёнма-ён яратган эгамга сажда қилиб қиблага бош қўяр эдик. Пичирлаб илтижо қилар эдик. Ҳадича мен ҳаракатларимни такрорлар, чарчаб қолса, алаҳсиб, ёнида турган қўғирчогини ўйнаб ҳам қолар эди. Аммо, жойнамозга сажда учун бош қўйган заҳотим, шоша-пиша жойнамозга эгиларди ва пичирлай бошларди.

-Худойим, Ота-Онамга айтгин, илтимоос, мени эсласин. Олиб кетсин Яхши қиз бўламан. Йиғламайман! Ҳечам йиғламайман. Илтимоос...

Кейин мен пичирлайман:

-Оллоҳим, бизни муштоқ этма! Кутган ўн йилимизни бекор кетказма! Бизга фарзанд ато этгин! Муруватингни дариғ тутмагин!

Яратган бизни эшитди. Кўп ўтмай иккаламизни ҳам илтижоларимизни қабул этди.Ҳамон бирга сажда қиламиз.

-Эй қодир худо, берганинга шукр!

Ортимдан Ҳадича шивирлайди:

-Худойим, укачам тезроқ келсин!

Тамом. 27/01/2023.

Мастура.

Izohlar