So'z sehri...

Esseler

ИЛҲОМНИНГ ДУНЁГА КEЛИШИ

Mastura Abduraim

2026-yil 14-fevral

10 daqiqa o'qish2ko'rish0 yoqtirish0 izoh
ИЛҲОМНИНГ ДУНЁГА КEЛИШИ
#kitob#asar#adabiyot#musiqa#ilhom#esse

(эссе)

  Бундан икки ҳафта аввал туғруқхонамизни ағдар-тўнтар ҳолатда эди десам ҳеч муболаға қилмаган бўламан. Айни тўлин ой даври эди. Эндигина тандирдан узилган баркаш нондек қизариб-бўзариб нур таратаётган ой қора зулмат тунни сутдек нурга чўмдириб турар эди. Айни дамда тўлин ойга бошқа таърифни берган бўлсамда, аслида осмонда тўлишиб, тоқатсизланиб туришига кўзим тушгани ҳамон уни ой-куни тўлган, вақти соати етиб келган ҳомиладор аёлга ўхшатаман. «Оз қолди, чида! Чуқур, чуқур нафас ол!»-дейман унга боққанимча. Доя сифатидаги кузатувларим бўйича айтганимда, тўлин ой даври бу биз қизалоқлар ёмғири остида қоламиз дегани. Янги ҳилол эндигина кўринган даврдан бошлаб эса ўғил чақалоқлар туҳфаси бошланади. Айрим, жузъий ҳолатларни айтмаганда доим шундай бўлган. Хулласкалом, икки ҳафта олдинги югур-югурларимиз мукофоти бўлган ўн беш нафар қизалоқлар ва адашган 2 нафаргина ўғилчаларимизни соғ-омон уйларига кузатганимиздан кейин мана бугун тин олиб турибмиз. Ишонасизми, туғруқхона бўм-бўш. Бирорта чақалоғимиз йўқ. Бугунги тунги навбатчилигимда ўша ҳафталардан буён чала ётган касаллик тарихлари, яна ҳар-хил дори-дармон, санитария, келиш-кетиш ва ҳакозо қатор ҳужжатларни тўлдириб уйқули соатларни ўлдириб ўтирган эдим. Туғруқхона қўнғироғи кескин чалиниб, камига эшикни ҳам дўмбира қилиб ура бошлашди. Қоғоз-ручкамни унутдимда аёл текширувини бошладим. Биринчи туғруқ. Оғриқлар бошланган, туғруқ йўллари деярли очиқ, аммо дарддан дарак йўқ. Бола жойлашуви ва Она организмида патологик ҳолатлар кузатилмади. Бундай пайтда ортиқча, муолажанинг кераги йўқ! Кутамиз! (Лозим бўлиб қолса муолажа бошлаймиз)

Бу хотираларга ҳам йигирма йилча вақт бўлиб қолди. Ҳозир сизга нима сабабдан бу аёл фарзандини дунёга келтириш учун икки кунча азоб чекканию, қандай чора тадбирлар билан туғдириб олганимизни айтиб беришим жоиз эмас деб ўйлайман. Чунки, эссеимиз мазмун-моҳияти бошқа. Айтмоқчиманки, мен айни пайтда ярим тунда бошимни чангаллаб ноутбук қаршисида ўтирар эканман, ҳудди ўша аёлнинг ўзгинасиман. Ўтираман, тураман. Қаеримдадир оғриқ қийнайди. Тоқатсизланиб бутун дунёга сиғмай кетавераман. Лекин, қани ўша кучайгани сари, қоронғу манзилларни кенгайтириб етилган илҳомни ёруғликка олиб чиқувчи дард?! Йўқ! Ном нишонсиз йўқолган! Қанчалик азоблансам мендан шу қадар узоқлашиб яшринаётганга ўхшайди. Ёруғ оламда бирор жонзот қолмагану, ёлғиз қолиб кетгандайман. Ҳудди шу маҳал стол устидаги қулоқчин диққатимни тортади. Зиғирдеккина бўлсада, кўнглимда умид уйғонгандек бўлади. Бетховен, Шопен, Мотсарт, Вивалди, севимли веолончелистларим «2Cэллос», классик, замонавий, поп, рок, жаз ва ҳакозо менга чексиз илҳом берувчи севимли мусиқачи ҳамда тароналаримни ёнимга чорлайман. Қулоқчин билан қулоқларимни беркитаман. Ёзишга тиришаман. Йўқ, ҳеч бири менга ёрдам беролмайди. Барчаси самарасиз! Уф тортаман. Сиқиламан. Кўзимга ёш келади. Бу оламда менчалик ҳақир, мендек бечора одам топилмаса керак!? Мен каби икки олам орасида чорасиз адашиб юрган инсон ҳам дунёга келмагандир ҳойнаҳой! Ҳаёлимдан шу ўйлар ўтадию, яна бошоғриқ доримга қўл чўзаман. Ичаману, икки ойдан буён мени куттириб ташриф буюришни пайсалга солаётган илҳомни лаънатлайман. Кейин, яна ўйлаб қоламан. Илҳом аслида мавжудми?! Агар мавжуд бўлса, романтизмга тўлиб-тошган даврда ижод қила туриб, илҳомни муттаҳам, қаллоб, фирибгарларнинг ҳийла-найранги ва ижодий фикр учун оғу деб ҳисоблаган Флобер «Бутун илҳом - ҳар куни айнан бир вақтда ишлашга ўтиришдан иборатдир»-деган ақидасига амал қилган ҳолида ҳам қандай қилиб дурдона асарлари билан абадий тирикликка эришган? Нега Стендал: «Агар бирор доно одам менга зўр истеъдод соҳибимисан йўқми, бундан қатъий назар, кунига икки соат ёзавер, деб маслаҳат берганида эди, ҳаётимни ўн йилини қандайдир илҳомни аҳмоқларча кутиб йўқотмаган бўлар эдим!»-деган фикрни қолдирган? Кейинчалик эса муайян тизим асосида ишлаши туфайли "Парма ибодатхонаси«ни салкам икки ойда ёзиб тугатган, илҳомни тан олмаган, илҳомсиз ҳар куни муайян соатларда ёзув столига ўтириб ижод қилган бу адиблар адабиёт оламида абадий яшашга қандай эришган? Ҳудди улар каби мен ҳам илҳомни йўққа чиқариб, онгимдан тумандек тарқатиб юборсамда, бу илҳом аталмиш »сафсата«ни режали ёзиш тизимига ўзгартирсам яхши натижага эриша оламанми? Руҳиятимда содир бўлаётган бўмбўшликни зерикишга, бир сатр ҳам ёза олмай азобланиб ўтирганимни дангасаликка, онгимда ғужғон ўйнаётган чала, ярим-ёрти ғоялар, маънисиз жимлалар, қиёфасиз қаҳрамонларни табиатимдаги инжиқликка йўйдимда ёзув столимга шаҳд билан ўтирдим. Ноутбугимни чиққиллатиб ёза бошладим. Икки ойдирки деярли ҳар куни ёздим. Ёзавердим. Аллақачон совуб тош қотган юрагим билан, бир маромдаги нафас, бутун вужудимни эгаллаб олган ҳижиллик билан ёзавердим. Бирин - кетин ҳикояларим туғилаверишди.(ҳаттоки қисса ҳам) Уларни ёзиб тугатгач руҳиятимда енгиллик, чексиз эйфория, юрагимда олов кузатилмади. Доимо ҳикояларимга охирги нуқтани қўйганим заҳоти ёйилиб кетадиган оппоқ қанотларим ҳам, самолар қадар етадиган кўтаринкилик ҳам пайдо бўлмади. Одатим бўлмиш, стулимга суяниб, увишиб қолган қўлларимни тепага кўтарганимча »Ура!«-деб, ортидан енгил нафас ҳам олмадим. Ҳар бир ҳикоямни тугатар эканман, ҳиссизгина: биринчиси тугади, учинчиси тамом, олтинчиси ниҳоясига етди дедимда, навбатдагисини ёзишга тутиндим. Ваниҳоят, режам бўйича, икки ойда олтита ҳикоя ва бир қиссани ёзиб тугатдим. Энди навбат таҳрирга келди. Биласизми, бу ҳикоялар менга тамоман бегона эди. Қайсидир савиясиз тентак ёзган, сийқадан-сийқа жумлалар, бачкана сатрлар, бошоғриқ ғоялардан иборат бўлган ҳикоялар тўпламини ўқир эканман, борган сари кичиклашиб йўқолиб бораётгандек эдим. Ҳудди шу жараёнда одам ўз-ўзидан ҳам уялиши, ўзини таҳқирлаши, ерга уриши, ҳаттоки ҳақоратлаши ҳам мумкин эканлигини билиб олдим. Яна ўша найрангбоз илҳом ёдимга тушди. Буюк адиб ва шоирларнинг у ҳақидаги фикрларини ёдга олдим. Ян Парандовский »Сўз кимёси«да шундай дейди: »Илҳом эндиликда урфдан қолди. Мободо бехосдан учраб қолгудек бўлса ҳам, ё истеҳзо оҳангидан ёки сийқаси чиққан ибора ёҳуд қандайдир эски, тутруқсиз истиоранинг механик тарздаги такроридан иборат бўлади, холос...Илҳом бахтли даврларни ҳам бошидан кечирган ва улар асрлар оша давом этган. У грекларнинг луғатида руҳий ҳолатнинг таърифлаб бўлмайдиган ифодаси сифатида васваса, савдоийлик, ортиқ ишқибозлик, ақлсизлик, жиннилик каби сўзлар билан ёнма-ён келган, қолаверса, илҳомни жазава ҳамда дастлабки маъносида «Худо билан тўлиб-тошган» одамнинг ҳолатини англатган «завқ-шавқ» билан чалкаштириб юборишган...«

Илҳом романтизм даврида гуллаб-яшнаган. Бу даврдан олдин ҳам кейин ҳам у ҳақда бунчалик кўп гапиришмаган. Словатский ўз ижодининг мистицизм эгаллаган йилларида »Фаришталар айтиб туради, мен ёзаман, холос!«-деб айтган. Уилиям Блейк эса бор-йўғи »Парвардигори оламнинг котиби« эканлиги, айтиб турилган шеърларни шунчаки ёзиб олишини таъкидлашгача борган. Бу каби ҳаддан зиёд мақтовлар, ҳамду-санолар илҳомни йўққа чиқара бошлаган. Флобер унга қарши курашган, реализм ва натурализм илҳом устидан мазах қилиб кулган, парнасликлар* уни тилларига олишмаган, натижада илҳомнинг обрўси бутунлай тушиб кетган. Аммо, бирор бир сўз ўз даврида яшаб, хизматини ўтаб бўлгач, унинг мазмун-моҳиятидан ниманидир муҳим нарсани сақлаб қолиш мумкин экан. Жумладан, илҳом даврида яшаган, ўзи ҳам унга тегишли бўлган Фридриҳ Шиллер унга жуда чиройли таъриф берган: »Кўнгилнинг кутилмаган ҳодисалари". Кўнгилнинг бундайин кутилмаган ҳодисалари қандай пайдо бўлади деб ўйлайсиз? У юзага чиқиши учун фавқулотда ҳолатлар керак эмас, оддийгина эмоционал характердаги рағбат оқибатида ёзувчининг ўзига хос ҳусусиятлари ва у вужудга келадиган шарт шароитлардан куч йиғади. Қайғу-ғамдан тез шодликка ўтиш, ёки сезги органларига таъсир этиш ( ёруғлик, ранг, овоз, товуш, ҳид) бизни ҳаяжонга солади ва қаттиқ таъсирланиш, экзалтация(кучли ҳаяжон), чуқур қайғу, алам ёки қаттиқ оғриқ, ички осойишталик ёки шод-хуррамлик пайтида фикрларнинг яширин, сир тутилган иш самараси онг сиртига чиқади. Гёте илҳомнинг дунёга келиши ҳақида шундай деган: «Бизлар фақат гулханга тараша ташлаб, унинг қуруқ бўлишига тиришамиз, вақти-соати келганида эса, бизни буткул ҳайрон қолдириб, гулхан ўзи лов этиб ёнади-кетади.» Чунки, у ўзининг сирли жумбоққа тўла «Абадий яҳудий»сига ёзган муқаддимасида айтишича, уни тараннум этиш ғояси бирданига миясига келиб қолиб, ярим кечаси жиннилардек сакраб ўрнидан туриб кетган экан.Маълум бўляпдики, шоир баллада оҳанги, кайфиятини токи шеър бўлиб қуйилмагунга қадар, йиллаб ўзи билан олиб юрган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Буюк математик Анри Пуанкаре неча ойлар ўйланиб тополмаган формуласини ахийри бутунлай унутиб юборади. Аммо, орадан кўп вақтлар ўтгач, бир куни ўз-ўзидан ўйлаб ўтирмасдан формулани шартта ёзади-қўяди.

Юқорида келтирилган фикрлар, адиблар ижодидан келтирилган ҳаётий мисолларни қайта-қайта қўлимга олиб ўқийдиган севимли асар «Сўз кимёси»дан келтириб ўтдим. Токи, сиз ўқувчи эндиликда айтадиганим, менинг фикрларим билан таққослаб кўра олишингиз учун. Хўш, мен нима демоқчиман? Ижодимда илҳомга ўрин борми ёки йўқ? 

Наср йўналишидаги ижодимни бошлаганимга кўп бўлмади, эндигина икки йилдан ошиб қолди. Озми кўпми ёздим. Аммо, ўйлаб қарайдиган бўлсам, бирор марта бўлсин махсус ёки мажбуран ўтириб ёзолмадим. Сизга эссемизнинг муқаддимасида келтириб ўтган тўлин ой, ҳомила ва туғруқ ҳақида шунчаки ҳикоя қилиб ўтмадим. Биласизми, «Илҳом нима?»-деб сўралган саволга мен қандай жавоб берар эдим? Илҳомни жуда кўплаб таърифлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, тўлин ой мисолида айтадиган бўлсак, кунлар ўтган сайин шу қадар тўлишадики, сўнгги ўн беш кунлигида бетоқатлиги охирги нуқталарга боргандек, қизариб-бўзариб зўрға нафас олаётгандек туюлади. Ниҳоятда улканлашиб ёрилар даражага келганидан сўнг, Ҳуддики, бомба каби портлаб кетгандек, зим-зиёсиз кўздан йўқолади ва куни келгач қиблагоҳдан енгил нафас олганича, беғубор ва гўзал қиёфада кўриниш беради. Ҳилолнинг ҳудди шу ҳолати менга ҳозиргина асарини ёзиб тугатган бахтли ижодкор қиёфасини эслатади. Тўлин ой эса туғилажак илҳомдан дарак бериб туради гўё.

Бу ўхшатишлар сизга илҳомнинг ташқи кўринишини кўрсатиб бера олади холос. Уни қиёфаси ва руҳияти билан очиб берадиган, майда микроскопик ҳужайрасидан, то дунёга келишигача бўлган жараённи кўрсата оладиган ҳолат бу шубҳасиз ҳомиладорлик ва туғилиш мўъжизасидир. Истеъдод, тинимсиз изланиш, меҳнату-машаққат, кузатиш, кўриш, эшитиш, ҳис этиш каби ҳаракат ва эмоциялар бирлашиб, илҳомнинг илк нишона - эмбрионал даври бошланади. Ижодкор ундан куч, озуқа, эътибор ва бор меҳрини аямайди. Ҳомила ойлар ўтган сари катталашиб, етилиб келаверади. Охир-оқибат қачондир биз билмаган вақтда ой-куни тўлиб, оғриқ, дард-алам, тугамасдек кўринган азоб-уқубат билан туғила бошлайди. Илҳомнинг юзи кўринадию, кўзларингиз ярақлаб очилади. Шу қадар енгил тортасизки, бу каби шодлик, эркинлик, қуш пари каби енгилликни умрингиз бўйи ҳис этмагансиз ва сиз ногаҳоний ғоялар, битмас-туганмас фикрлар, бемисл ҳамда такрорланмас қаҳрамонлар уммонида сайр этасиз.

  Деярли барча ҳикоя ва эсселаримни қўққисдан, чақмоқдек ярақлаб, ҳеч ўйламаган жойдан ўрмалаб, олов каби гуриллаб-куйдириб келган туғёнлар натижасида ёзганман.(Айни ҳозирги илҳомсиз ёзаётган ҳикоялардан ташқари) Алалҳусус, кўп марталаб чоп этилган «Ойдаги одам» номли ҳикоямни ёзиш жараёнида, уни яримлатдиму, тўхтаб қолдим. Бу вақтда ҳаттоки ҳикоянинг номи ҳам маълум эмас эди. Ўз ҳолича ташлаб қўйдим. Токи, ижтимоий тармоқда Бенжамин Ингроссонинг « Man On The Moon» таронасини учратиб қолмаганимга қадар. Ҳудди шу таронадан кейин ҳикоя номи ҳам, давоми ҳам онгимда пайдо бўлган ва шу куниёқ тугаллаб қўйган эдим. «Қичқириқ» номли новеллам эса Эдвард Мункнинг «Қичқириқ» картинасидан таъсирланиб яратилган эди. Қолган ҳикоя ва эсселарим ҳам кўчада дуч келган оддийгина бир ҳодиса, кўриниш, эшитиш ё бўлмаса, кўрган тушим ёки бошқа бир туртки сабабли пайдо бўлган ҳиссиётлар, кучли туғёнлар ҳосиласи сифатида дунёга келган.

Хуллас, богема* вакили, poete maudit -лаънати шоир, кўнгил шитир-шитирларини тўпловчи, кайфиятлар ошиғи, шу билан бирга, шеърга астойдил жило берувчи, поэтик сўзнинг Челлиниси* таърифлари эгаси Бодлер айтганидек: «Илҳом, шак-шубҳасиз, кундалик иш учун зарурдир. Бири бошқасини истисно қилмайдиган икки қарама-қаршиликни олиб кўрадиган бўлсак, тафаккур ишида қандайдир ажойиб механика борки, бундан уялиб ўтирмасдан, шифокорлар тана механикасини англаб етганлари каби уни эгаллаш керак бўлади.»

 Ҳа, мен ҳам на парнасликлар оқимига аъзо бўлмайман ва на кўҳна «илоҳий фаришталар келтирувчи илҳом»га таъзим қилиб қолмайман. Менинг шиорим - меҳнат, истеъдод ва илҳом! Ушбу уч унсурни ҳуддики, кимёвий реакцияга киргизган каби омухта қиламанда, ижод оламига шўнғийман. Кутилган ҳамда мукаммал натижани олиш учун реакция жараёнида уч унсур ҳам бир хил тенгликда иштирок этиши шарт! Аксинча бўлса, реакция содир бўлмайди.(Шу жумладан, илҳомдан бир зарра ҳам қўшилмаган ушбу эссе ҳам ҳаминқадар, мен истaганимдек эмас.)

  Ўйлаб кўраман, ҳомила етилмасидан туғруқни амалга оширсак нима бўлади? ( Масалан, 16 ёки 36 ҳафталик муддатларда) Назаримда, саволимнинг жавоби ҳаммага маълум. Ҳудди шундай, илҳомсиз ёзилган ҳар бир асар, наинки сатр ўлимга маҳкумдир! Сониялар, дақиқалар, балки соатлар яшай олиши мумкин. Абадийлик эса етук ва мукаммал асарлар ва унинг ижодкорига хос. 

Асосан тонгда, енгил руҳ, тиниқ онг, беғубор илҳом билан ёзишга одатланганман. Бирор асаримни тугатсам еттинчи осмонга қадар парвоз қиламан. Ижодхонамдан ёруғ юз билан чиқаман. Сирдошим, маслакдошим, асарларимни илк ўқувчиси, танқидчиси ёки мақтовчиси бўлган қизим ёзиб тугатдимми, ёзолмай хуноб бўлиб турибманми шу заҳотиёқ сезади. Менга жилмайиб хитоб қилади:

-Ойи, ўғилми қизми?

Мен эса иккита жавобдан бирини бераман. Хўмрайганимча; «Вақти-соати бўлмабди, туғилмади!»

Ёки юқори кайфиятда; « Эгизаклар!»

Сўнгсўз ўрнида келтириб ўтадиган бўлсам;

Сўз ниҳол!

Ижодий меҳнат тупроқ бўлса, илҳом қуёш кабидир! Истеъдод эса сувнинг ўзгинаси бўлиб, бу уч унсурнинг бири бўлмаган тақдирда ҳам ниҳол қурийди. Шундай экан, уларни айро тасаввур этиб бўлмайди.

Меҳнат, илҳом ва истеъдод сўзга тириклик, балки, абадий ҳаёт ато этувчи адабий унсурлардир.

Тамом. 09/03/2023.

Мастура Абдураим.


Изоҳлар:

Парнасликлар*- 19-аср ўрталарида Францияда вужудга келган оқим бўлиб, бу оқимга кўплаб ижодкорлар аъзо бўлишган. Улар илҳомни тамоман рад этишган. Ижодда меҳнатни муҳим деб ҳисоблашган.

Богема**-муҳтожликда бўлсада, лекин беғам, беташвиш кун кечирувчи зиёли аҳли.

Поэтик сўзнинг Челлиниси***- Бенвенуто Челлини(1500 - 1571) - Уйғониш даврининг ҳайкалтароши ва заргари.

Ян Парандовскийнинг «Сўз кимёси» китобидан фойдаланилди.

 

 telegram-kanalim

Izohlar