БОЛАЛАРГА БEРИНГ ДУНЁНИ!
Mastura Abduraim
2026-yil 2-mart

(Эссе)
***
Ёзаётганларим, ёзиш ҳақидаги туганмас ўй-ҳаёлларим, онгимда ғужғон ўйнаётган ғоя ва қаҳрамонларим, ҳаёт ташвишларидан бир оз ортга чекинган ҳолда икки-уч кундан буён қўлимга қалам(ноутбук) олмадим. Ҳеч нарсани ўйламаслик, анчайин чарчаган мия ҳужайраларимга дам бериш мақсадида кино оламига мўраладим. Фикримча, яхши киноасар яхши китобни ўрнини боса олади. Одамларни юксак инсоний туйғулар томон етаклаб, руҳиятни даволайди. Дардларига малҳам ҳамда шерик бўла олади. Шу маънода, олдинги сафар Жан Имоу, Такеши Китано, Жузеппе Тарнатори, Акира Курасава ваҳаказо даҳо ижодкорлар ҳаёти, ижоди ва яратган бетакрор кинофильмлари билан танишиб чиққан бўлсам, кеча маълумот ва фильм қидира туриб энг севимли кинорежиссёрим Мажид Мажидийга дуч бўлиб қолдим.
Назаримда, Мажид Мажидийни билмаган ва ҳеч бўлмаганда биргина кинофильмини кўрмаган ўзбек томошабини, балки бутун жаҳон кинотомошабинлари орасида топилмайди. Маълумки, Мажидий эронлик машҳур кинорежиссёр, кўплаб ҳаётий кинофильмлар устаси. Унинг барчамизга маълум бўлган «Само фарзандлари», «Жаннат ранги», «Қуёш болалари», «Ёмғир», «Ота», «Мажнунтол», «Чумчуқ қўшиғи», «Муҳаммад Оллоҳнинг расули» каби фильмлари одамлар қалбидан жой олиб, томошабинлар ва кинотанқидчилар эътирофи, турли кинофестеваллар совринлари ҳамда машҳурлик шоҳсупасидан жой эгаллаган. Бу борада, Мажидийнинг киноасарлари билан таниш бўлган ҳар қандай одам нега айнан Мажидий фильмлари бутун дунё томошабинлари орасида шуҳрат, эътирофга эришди деган саволни беришмайди. Сабаби, Мажидий фильмлари ҳаётий ҳамда самимийлиги билан ажралиб туради. Мажидий фильмларида болаларнинг беғубор дунёсига, уларнинг ҳар қандай оғир ташқи тасъирлар остида ҳам ўзгармайдиган содда, ғализликлардан ҳоли, гўзал қалбига, умид ва орзулар билан тўлиб тошган нигоҳларига мурожаат қилади. Мажид Мажидийнинг деярли барча фильмларида асосий қаҳрамонлари болалардир. Мажидий суҳбатларидан бирида шундай деган эди.
«Менинг бешта укам бор. Оиламизда ҳаётини кино билан боғлаган ягона одам менман. Ўн икки ёшимдан буён кино ва драматургияга қизиқаман. Ижро ва актёрлик санъатига бўлган ниҳоятда кучли қизиқиш ижодимни бошлашимга туртки бўлди. Фаолиятим давомида жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Одамлар фақат натижани кўришади. Улар менинг муваффақиятимни кўриб »Мажидий кинога осмондан тушиб келди.«-деб ўйлашади. »Само фарзандлари« кинокартинамни олаётганда жуда кўплаб қийинчиликларга дуч келганман. Одамларнинг ишончини йўқотиши, ҳаётга таслим бўлиши жуда осонлигини биламан. Аммо, мақсадларга эришиш учун ҳаракат қилишдан тўхтамаслик кифоя. Болаларнинг бегуноҳлиги катталарга таъсир қилади ва мен доим шуни айтмоқчи бўламан: Агар боланинг болалигини ўлдирсангиз уни йўқотиб қўясиз. Бу ҳудди болани кичик бир қишлоқда адаштириб қўйиб, уни бутун дунё шаҳарларидан қидириб юрган каби бир манзара.»
Мажидий ўз фаолиятини 14 ёшида ҳаваскор театр томошаларида иштирок этишдан бошлайди. Кейинчалик Теҳрон драматик санъат институтида таҳсил олади. У дастлаб Муҳсин Маҳмалбафнинг фильмларидаги роллари билан кино оламига кириб келади ва машҳурликка эришади. Аммо, «У ўз ички дунёсини экранга чиқаришни хоҳларди. Бошқа бировларнинг кўрсатмаларини тан олмасди.»-деб таъкидлайди Мажидийнинг машҳур ҳамкасби Муҳсин Маҳмалбаф. Шу сабабли Мажидийнинг экрандаги фаолияти тез орада саҳна ортига ўтади ва қисқа метражли фильмлар ишлай бошлайди. «Режиссёр нима суратга олаётганига ишониши керак. Агар у самимий бўлса ўз томошабинларини топишига аминман.»- деган эди у. Қачонки режиссёр ўйинсиз ва ёлғонсиз, болаларнинг беғубор нигоҳлари орқали чуқур муаммолар дунёсини акс эттира олар экан, фильм муваффақиятли чиқишига ишонади.
Ҳудди ўша беғуборлик, болалар дунёсининг орзу -умидлари, ўзларига яраша кичик дардлари ва ҳаёт зарба ҳамда ноҳақликларига бўлган болаларча норозилик, курашларини экранга маҳорат билан кўчира олган ҳаётий фильмлари туфайли Мажидий илк дебют киноасарларидаёқ ўзининг содиқ мухлисларини топа олди. Назаримда, Мажидийнинг «Само фарзандлари» фильмини томоша қилмаган одамнинг ўзи топилмаса керак. Шу важдан сизга фильм сюжетини такрорлаб ўтиришни лозим топмадим. Ушбу машҳур киноасар режессиёрнинг илк фильмларидан бўлиб, Мажид Мажидий бу намойиш орқали ҳар қандай қийинчилик эртанги кун учун бахт келтиришини, ҳаёт фақат ҳаракатдан иборат эканини англатмоқчи бўлади. Фильмдаги ака-сингил қаҳрамонлар ҳудди шундай, бола бўлишларига қарамай ҳаётнинг бор синовларини борича қабул қила оладиган, бардош бериб, қарши курашиб ўз келажагига ишонч, умид билан боқа оладиган қаҳрамонлардир.
Мажидий деярли барча фимларида ота тимсолини кўрсатиб беради. Айниқса, кеча томоша қилганим «Ота» ҳамда ( бу икки ёки учинчи томоша) «Жаннат ранги» фильмида ҳам Ота образи яхши очиб берилган.«Ота» кинокартинасидаги ота образи ночор жамиятнинг кечаги кунини акс эттирса, бола образи эса келажак тимсоли. Шундан билиш мумкинки, Мажидий келажакка ишонч билан боқади. Қаҳрамонлари ҳам ҳудди шундай, келажакка умид билан қарайдилар ва орзуларини сўндирмаган ҳолда яшашда давом этадилар. «Жаннат ранги» даги ота эса тамоман бошқа дунё. У бир томондан ҳаёт зарбалари, иккинчи томондан етишмовчилик, оғир меҳнат, қашшоқлик чанг солиб турган бир пайтда ўз ҳаётида ўзи учун яшашни истаётган омадсиз, бир чорасиз одам. Шу билан бирга у кўзлари ожиз ўғлини ўзидан итаришга ҳаракат қилади. Лекин, бу ота ўзини қайси томонга урмасин ўзи учун яшолмайди. У чорасизлик ва аросатда қолган бир одам бўлиб, қайси йўлни танламасин ёнади. Алалоқибат, умри, ҳаётини барибир фарзандига бағишлайди.
«Жаннат ранги» фильмида кўзи ожиз бола Муҳаммад роли орқали режиссёр ҳаётни рангин ракурсларда кўра олиш, олдинга, ёруғ келажак сари интилиб яшаш ғоясини тараннум этади. Бепоён гулзор далалар жилоси, осмонўпар тоғларнинг тоза нафаси, ям-яшил дарахтзорларнинг шовуллаши, кўм-кўк денгиз, дарё ва кўлларнинг тириклик шовқини, қушларнинг қанот қоқиши, сайроғи кўзлари ожиз бўлган боланинг қалб кўзи орқали ҳис этилади ва тасаввурлар оламида жонлантирилади. Ҳаётнинг нақадар гўзаллиги яшамоқнинг ўзи бир бахт экани очиб берилади
«Ёмғир» фильмини эса бир кўришда тўхтатмасдан томоша қилиб тугатдим. Ушбу фильм томошабинни экранга михлаб қўядиган ажиб фильм десам хато айтмаган бўламан. Кино қашшоқ, камбағал одамларнинг аччиқ қисмати, кун кечириш, бир бурда нон, сариқ чақа учун тортаётган азоб-уқубатлари, ночорлик ва умуман инсон ҳаётидаги ижтимоий муаммоларни очиб бериш билан бир қаторда самимий муҳаббатни кўрсатиб беради. Фильмни томоша қилар экансиз, ҳар қандай ҳолатда, ҳаёт қанчалик бешафқат бўлганида ҳам муҳаббат инсонларни эзгулик, гўзал туйғулар сари етаклаши, беихтиёр ўзимизни қалбимиз ҳам ажиб бир муҳаббат сурурини ҳис этиб, руҳиятингиз енгиллашганини сезиб қоласиз. Гарчи, фильм сўнгида икки ёш қалб айрилиққа маҳкум бўлишгандай кўринсада, ёмғир уларнинг муҳаббат тарихи яна давом этиши, бу гўзал туйғу юракларни ҳеч қачон тарк этмаслигини таъкидлаб тургандек бир ҳис, ишонч қолдиради. Аксарият фильмларида Мажидийнинг қаҳрамонлари гапирмайди. Сўзлар ўрнига уларнинг кўзлари, мўнгли нигоҳ ва сокинликлари сўйлайди. Атроф-муҳит, табиат овози, манзаралар орқали ҳам фильм руҳиятини ҳис эта оласиз. Масалан, «Ёмғир» фильми давомида бирор марта бўлсин қуёшли кунни ёки баҳорни кўрмайсиз. Булутли ҳаво, ялонғоч дарахтлар, куз ёки қиш ва бир икки кадрда оппоқ қор ҳукмронлик қилади. Муҳаббат бўй кўрсатганида эса шаррос ёмғир, иситувчи олов ва тезоқар сув намоён бўлади.
Назаримда, Мажидий фильмларидаги бундайин сокинлик ва табиат билан бўлган узвий уйғунлик киноасар муваффақият қозонишининг омилларидан бири ҳисобланади.
Англашимча, Мажид Мажидийнинг фильмлари энг аввало ҳаётийлиги билан ҳам томошабинга жуда қадрли. Ушбу ҳаётий ҳақиқат ҳамда ғояларни болаларнинг содда ва беғубор дунёси ёрдамида очиб берилиши кинорежессёр асарлари қадрини янада юксак поғоналарга кўтарилишига замин бўлади. Учинчи сабаб эса Режиссёрнинг кинокартиналаридаги фалсафий қарашлар туфайли бир кичик муҳитга тегишли бўлган маҳаллий ижтимоий муаммолар умумжаҳон муаммолари, дардларига айланади ва фильм умуминсоний туйғулар, оғриқларни очиб бера олади. Тўртинчидан, Мажид Мажидий фильмлари қаҳрамонлари мураккаб ҳаёт ичида омон қолишга ҳаракат қилаётган энг оддий, кичкина одамларнинг портретлари бўлиб, дунёдаги барча оддий одамларнинг дарду-қувончлари жуда ўхшашдир. Шу сабабли, қандай минтақада кўрилмасин фильмлар барчага тушунарли ва юрагига яқиндир.
Мажидий фильмларида қонли, очиқ ҳамда зўравонлик акс этган саҳналарни учратмайсиз. Унинг фильмларида болалар гапиради, кўрсатиб беради, англатади. Бунда томошабин тўлиқ болалар дунёсига кириб боради. Қаҳрамонларга нисбатан самимийлик туйғулари уйғонади. Катталар дунёси болаларнинг беғубор ҳис - туйғулари, дардларига шерик бўлган ҳолда беихтиёр болалик олами томон эврила бошлашади. Қалблари енгиллашади ва болаларча, ёлғонлардан ҳоли бўлган ҳаётда қайта яшаб кўришади.
Мажид Мажидий ҳаёти ва ижоди, фильмографияси билан танишар эканман, режиссёрнинг инсониятга айтмоқчи, англатмоқчи бўлган сўзи бутун дунё бўйлаб қанот қоқиб юргандек туюлади. У ишонч билан катталарга қарата шундай дейди.
«Болаларга беринг дунёни!»
Тамом. 05/07/2024.
Мастура Абдураим