АКИКО ЁСАНО
Mastura Abduraim
2026-yil 1-mart

Ёсано Акико (Хо Сёко) 1878 - йил 7 декабрда Япониянинг Сакаи ороли Осака префектурасида туғилди. Унинг отаси Хо Сёсити қандолатчилик дўконига эга бўлиб, император саройига етказиб бериш билан шуғулланган ва шу билан бирга санъат ва илм-фанга кўпроқ қизиққан. Шу сабабли, кичик Сёко ўзига тўқ оилада, яхши илм олган ва япон мумтоз шеъриятига кучли меҳр қўйган. Жуда эрта танкалар ёзишни бошлаган ва 22 ёшида «Янги шеърият» адабий жамиятига аъзо бўлган. Акиконинг шеърлари «Тонг юлдузи» журналида чоп этила бошлагач, у журнал бош муҳаррири таниқли шоир ва тарғиботчи Ёсано Хироси (Теккан, яъни унинг кескир ва қўрқмас табиатига кўра йўлбарс лақаби берилган) билан танишиб қолади ва Хироси оилали бўлишига қарамасдан муҳаббат ришталари боғланади. Теккан шоиранинг шеърлари қаҳрамонига айланади. Акиконинг илк шеърий тўплами «Чигал сочлар» (ўрта асрлар шеъриятида чигал сочлар эҳтирос рамзи бўлган, масалан; Изуми- Шикибу) 1901 йилда чоп этилган ва дарҳол шеърият ихлосмандлари эътиборини тортган. Шоира, Теккан биринчи хотини билан ажрашгач, уйини тарк этади ва у билан кетади. Жуда кўплаб гўзал танкалар битади. Ушбу бешликлари кейинроқ, «Митти елпиғич», «Севги ёпинчиғи» китоб тўпламлари кўринишида чоп этилади. Танқидчилар Акиконинг 1901-1910 йилларда яратган шеърларини энг яхши деб билишади. Шоира ўз шеърларида анъанавий одоб-ахлоққа қарши чиқан ҳолда, эркин муҳаббат, шахс озодлигини тарғиб қилади. У мумтоз шеъриятнинг рамзий образларини ( олча гули, хаги, ситра, ёнар қуртлар) ғарб атамалари билан бирлаштиради. У баъзи шеърларидаги очиқ эротизм учун бир неча бор қаттиқ танқидга учрайди. Акико шеъриятининг асосий мавзуси муҳаббат бўлиб, аксарият шеърлари Текканга бағишланган. Унинг ижодига ўрта асрларнинг машҳур шоирлари Изуми - Шикибу ва Оно но Комачи шеъриятининг таъсири катта. Акико ҳақиқий машҳурликка эришади; Кўплаб эсселар ёзади, адабиётшунос сифатида ишлайди ва ўрта аср мумтоз асарларни замонавий тилга таржима қилади. У Бунка Гакуин аёллар институтига асос солган ва бир муддат дарс ҳам берган. Акико аёллар ҳуқуқлари учун курашчи сифатида ҳаракат олиб борган. Оиласини ҳам шеърият билан бир вақтда олиб бора олган. Теккан ва унинг 11 нафар фарзанди бор эди.
1935 йилда Ёсано Теккан вафот этади ва Акико унинг хотирасига «Оқ чағалайлар галаси» шеърлар тўпламини бағишлайди. Акико Ёсано 1942 йилда вафот этади.
Унинг библиографияси:
«Чигал сочлар» (1901)
«Митти елпиғич» (1904)
«Муҳаббат ёпинчиғи» (1905)
«Раққоса» (1906)
«Абадий ёз» (1908)
«Саохиме» (1909)
«Баҳор лойқалари тўплами» (1911)
«Мовий денгиз тўлқинлари (1912)
»Ёздан кузгача« (1914)
»Олов қуш« (1919)
»Гиёҳларнинг тушлари« (1922)
»Қалб манзарасининг олис шамойили« (1928)
»Оқ чағалайлар галаси (1935)
Япон шеърияти кумуш даврининг энг машҳур шоираси Акико Ёсано япон анъанавий шеъриятида янги йўналиш белгилаб бера олди; бир хилликни бузди, шеъриятни кучли пафос билан тўлдирди, танкаларни чинакам туйғулар кучи билан руҳлантирди. Ўзининг муҳаббат куйи билан машҳурликка эришди. Бу борада танқидчилар Акикони «Япон Ахматоваси» деб ҳам аташади. Унинг «Чигал сочлар» китобида ёзилган юзта шеъри япон шеъриятининг фахрига айланди.
ТАНКАЛАР.
***
Қиз йигирма ёш.
Гўзал қизлик баҳори!
Елкалар оша
Оқар тароқ остидан -
Сочмас - қора тўлқинлар!
***
Чин ошиқ юрак
Ҳайқирар, ғазабланган
Ваҳший шер каби,
Лекин, ёнма-ён доим
Жаннат қуш нафислиги.
***
Охири қадар
Тамом тугади севги.
Англадим шунда,
Нима ҳижрон аччиғи -
Севги давом этмоғи...
***
Яшасин севги
Камалакдан гўзалроқ!
Яшасин севги
Исёнкор чақмоқ каби! -
Бу саждам ва афсуним...
***
Елкадан тушди
Одми ипак кийимлар.
Қаҳрабо шамол
Тун зулматда сузишар
Ёнарқуртлар тўдаси...
***
Ўжар қўлларда
Шеърга рақамлар битдим
Сенла жилмайиб:
Ишққа «Йигирма минг йил» -
Жуда кўп? Йўқ, жуда кам!...
***
Ёрқин юлдузсан
Қишки тун осмонида.
Сўзлайди кимдир:
Чексиздан биттагина, -
Дейман: чексиздан танҳо!
***
Қандай бетакрор
Ҳадсиз оқ лилиялар*
Сўлар гулбарглар -
Шундайин йилдан - йилга
Ўтиб кетар ёшлигим.
***
Кўзгу олдида
Муҳаббат тунидан сўнг,
Қиламан пардоз...
Вақт эрта, тоғ булбули
Маҳбубимни уйғотма!
***
Ишқдан телбадек,
Шошгум олов қанотда
Сезмай қоламан,
Булут аро, эришин
Қандай, бир юз ўттиз ри*...
***
Бизлар учрашдик
Юксак уй чодирида -
Баҳорий жаннат.
Нозик оқ тасма - дарё.
Қўнғироқлар чалар «Тонг!»
***
Чароғон қуёш
Қордан бош кўтарган он,
Кўз олдимда ер
Бирдан айлана бошлар
Улкан оқ нилуфарга...
***
Қирқмоқчи эдим
Ҳовуз нилуфарини,
Олранг этакдан
Гулбарглар тўкди томчи.
Англадингми, бу нима?
***
Ёдимга тушди
Мовий денгизга боқиб,
Ўн йил аввалги
Илк учрашув - ёр томон
Ишончсиз йўл олган қиз...
***
Кириб келди тун,
Узоқ кутилган дийдор
Бунчалар қисқа!
Баҳорий кеч ҳид сочар
Бодён, апельсин гули...
***
Кўҳна Симада*
Услубда турмаклайман
Қора сочимни,
Сенга ёқиш чун тонгда -
Ўзимчи, истайман: «Қол!»
***
Узун қиш тунлари
Қаҳрамон ким тушларим
Мудом забт этган?
Етти умрим йўлдоши
Танҳо танлаганим - сен!
***
Эрта муҳаббат
Эрта келар кексалик
Ва эрта ўлим...
Ким кемтик дея олар
Аёллик бадалини?!
***
Кунлардан бир кун
Дунё дардин чекканда
Менинг юрагим,
Бир вақтда эса бошлар
Баҳор ва куз шамоли.
***
Нигоҳинг ила,
Ўтинаман, Горгона*
Тош қотир мени,
Чуқур уйқуда яшай
Токи, у қайтгунича.
***
Боқдим, тингладим,
Кўпириб тўлқинланар
Гувиллаб денгиз -
Дам юқори, дам пастлар,
Қалбим ғамга тўлдириб...
***
Дераза очдим.
Майин қуёш нурлари
Силар ёноғим.
Ниҳоят, узоқ кутган!
Сен келдинг олтин кузим!
***
Кўксимда мени
Гоҳ, кўтарилар тўлқин
Гоҳ, ёнар олов -
Шундай чексиз, жонфидо,
Телбаларча севдим мен!
***
Шинано дарёсида*
Барҳаёт чағалайлар
Тинимсиз чизар -
Ҳавода қанотларла
Ўлчаб минглаб кенгликни.
***
Қадим замондан
Дунёлар қайғуси деб
Билишган ишқни,
Барча шодлик ўлими
Деб атайман шу тобда.
***
АКИКО ЁСАНО.
Рус тилидан Мастура таржимаси.
Изоҳлар:
Симада* - Ушбу турмак XVII−XIX асрларда Японияда қизларнинг асосий безаги ҳисобланган. Ҳозирда фақатгина гейшалар, яъни раққоса-қўшиқчилар томонидан кийилади.
Лилия* (пиёзгул) - лоладошлар оиласига мансуб бўлган, кўп йилик эфирмойли ўсимлик туркуми.
Ри* - йил ўлчов бирлиги.
Горгона* - Маъбуда Медуза (юнон мифлари)
Шинано дарёси* - юқори оқимида Чикума дарёси сифатида танилган, Япониядаги энг узун ва энг кенг дарё бўлиб, ҳавзаси бўйича учинчи йирик дарёдир. (Рус таржимасида бу дарё Шинано эмас, Синано сифатида учрайди. Тўғри номи Шинано)