"ИЛОҲИЙ КОМЕДИЯ"
Mastura Abduraim
2026-yil 28-fevral

(Ҳажвий ҳикоя)
Ўша мудҳиш кунда тонг ҳам қандайдир бесаранжом отган эди. Кўринишидан тонг эмас, шом ва ҳуфтон орасидаги аросат паллага ўхшаб кетарди. Саратон осмонини ғайритабиий тарзда улкан ҳамда паға-паға, қон сачраган увададек қизғиш-қорамтир булутлар эгаллаб олган, осмон-у фалак қонли булутларга тўлиб кетгану, заминга оқиб, қулаб келаётгандек тасаввур уйғотарди. Турли хил қушлар чуғури қулоқни қоматга келтирар, жамики жониворлар безовталаниб, ўз тилларида ҳайқиришар, пурвиқор тоғлар этагида чўзилиб кетган каттагина қишлоқ, саросимада қолган одамларнинг қий-чувлари билан қоришиб, ёв босган жанг майдонининг ўзгинасига айланиб қолганди. Ҳудди шу даҳшатли лаҳзаларда қишлоқ марказидан оқиб келувчи сойнинг сўл тарафида қад кўтарган қутқатошли баланд жарликдан гулдираган овоз келди.
-Ҳалойиқ! Бас қил! Уйларингизга киринг ва кутинг! Зинҳор қўрқманг! Тоғ кўлидан бостириб келаётган улкан тошқинни ўзим бартараф этурман.
Ҳудди ўша дақиқалардан бошлаб, осмон гумбурлаб қоқ иккига бўлинди-ю, челаклаб ёмғир қуя бошлади. Ҳайвонлар, одамлар ин-иналарига кириб даф бўлиб кетишди. Сой бўйидаги жарлик қишлоқ одамларига аниқ-тиниқ кўриниб турар, улар жарликнинг энг тепа қисмида озодлик ҳайкали каби жойлашиб олиб, тоғ томонга юзини буриб олганича қўлларини осмону-фалакка чўзиб бор овозида дуо ўқиётган Илёсни дахшат билан кузатиб туришарди. Гув-гув шамол ҳайқирар, ёмғир тинмас, қонли, қизғиш-кулранг булутлар жар тепасига, Илёснинг боши устига йиғилиб олишган, ғилдирак каби чириллаб айланар, тоғ томондан бостириб келаётдан ваҳшатли гувиллаш янаям кучаяр, қишлоқ одамлари уйлари дарчаларидан қўрқув ва даҳшат ичида қалт-қалт титраб кузатиб ўтиришарди.
Илёс эса ҳеч нарсага парво қилмас, қўллари ҳамон самога чўзилган, эгнидаги оппоқ ридосининг этакларини шиддатли шамол ҳар томонга юлқилар, тоғдан келаётган бало-қазо юракка ваҳшат солиб кучайгани сари, у ҳам сеҳрли каломларини янада юқорироқ тонларга олиб чиқар эди. Ниҳоят, қишлоқ аҳлини қаттиқ саросимага солган ёв кўринди. Илёсдан ўн қадамлар нарида кенг ва катта сой саҳнига ҳам қаноат қилмасдан, ошиб-тошиб бостириб келаётган тилсиз бало лойқа кўпикли сел бўй кўрсатди. Энди Илёс қўлларини гирдоб каби айлантирар, сеҳрли дуоси ҳам кучайиб, титраб-қақшар, кўзлари чақчайиб олайиб кетган, жисми- жонидан реза-реза тер оқар, сел билан тўқнашиб жанг қилаётир эди. Дарчаларидан кузатиб турган қишлоқ аҳлининг ҳайрати айни шу лаҳзаларда ёлғон ва ҳақиқат оралиғида бесаранжом қотиб қолгандек эди. Сабабики, қутирган қора тусли сел илон каби биланглаб Илёс билан юзма- юз туришар, Илёс бостириб борар, у тисарилар эди. Шу тариқа, балою-азим ваҳший аждар ва паҳлавон ботир (Илёс пакана, жиккак, қотмадан келган одам бўлсада, руҳий юксаклиги, мардлиги уни шундай атаб туришимизга арзийди) ўзаро жанговар ҳужумни амалга оширишавердилар ва алалоқибат Илёс илоҳий дуолари ёрдамида бутун бошли тилсиз ёв-бир дарё сувни ортига қайтиб қочишга мажбур этти; сел одамларнинг кўз ўнгида, тинчгина тескари тарафга, оқиб келган жойи - тоғ ортида жойлашган кўлга томон оқиб кўзга кўринмай кетди. Илёс соатлаб давом этган оғир чарчоқдан кейин тиззалаб қолган, қўллари ҳамон юқорига кўтарилиб турар, ҳансираб дуосини пичирлар, кўзларидан дув-дув ёш қуйилар эди.
Юқоридаги ғайритабиий, ишониш тентакликнинг ўзгинаси бўлган,(менинг наздимда) ишонмаслик ҳам ақлсизлик, омиликка (қишлоқ аҳли фикрича) далолат этувчи воқеликка ҳам камида қирқ йилча вақт бўлиб қолибди. Ўша даврларида Илёс ўттиз ёшнинг нари-берисидаги навқирон йигит бўлган бўлса, ҳозирда етмишни уриб қўйган нуроний ҳожи бобо - Илёсхўжа ҳожига айланди. Озғиндан келган, кичик бошли, заҳил юз, сийрак ва узун чўққи соқол, майдача ва ялтироқ кўзли Илёс ҳожи бошдан-оёқ оппоқ кийим кийиб юрар, сокин қадам ташлар, юпқа лаблари ним жилмайиб турар, бу кўриниши гавдасига салобат ҳамда юзига илоҳий нур бахшида этиб турарди. Агар унинг маълум-у машҳур сувни тескари оқизиш мўжизаси ҳақида қишлоқ аҳлидан сўрайдиган бўлсангиз барча тасдиқлар, ҳудди ўзлари бирга даф этгандек ўша воқеликни тасвирлаб берар, аммо, бирортаси ақалли пусиб-биқиниб уйининг дарчасидан ҳам кузатиб ўтирмаган, шахсан гувоҳи бўлмаган бўлиб чиқишардилар. Ёшларник-у тушуниш мумкин, ёши Илёс хожи қатори бўлган, бир қишлоқда катта бўлишган тенгқур қариялар ҳам ўз кўзлари билан кўришмаган, барча кимдандир эшитган бўлиб чиқар эди. Бутун қишлоқ аҳли, ён-атроф етти эмас етмиш маҳалладан ташриф буюрувчи оломон уни мақтовлари билан етти қават осмонга чиқариб қўйишар, авлиёдек таъриф-у тавсифини келтиришар, биргина қодир бўлмаган иши Мусо ҳамда Исо пайғамбарлар сингари ўликка жон ато этиш деб айтишар, агарда, суҳбат давомида озгина рағбат бериб юборсангиз, пайғамбарлик мақомини ҳам тасдиқлаб юбориша қолар эди. Илёс ҳожи ҳаж зиёратига бормасидан олдин ҳам уни зиёрат этгани, беморлигига даво истаб, мушкулини осон этиш, ҳаётидаги чигалликларни ечиб бериш учун нажот излаб келувчиларнинг кети узилмас, қишлоқнинг денгиз сатҳидан энг юқори нуқтасида жойлашган данғиллама уйининг олдида турнақатор навбатлар куну-тун тугамас эди. Айтишларича, Илёс ҳожи ҳаж сафаридан янада кучга тўлиб, бир қарашдаёқ одамнинг фикрини ўқийдиган бўлиб қайтган эмиш. Уни зиёрат қилгани келганлар оёқларидан таъвоф олар, кўзларига ёш келиб йиғлашар эдилар. Таскин, юпанч олардилар. Беморлар; фалажлар оёққа туриб кетар, туғмас хотинлар эгизак туғар, гунг-соқовлар тилга кирар, айтганимиздек бир кемтиги ўликни тирилтиролмас эди. У руҳиятни ҳам даволар; телбалардан жин ҳайдаб соғайтирар, икки кўнгилсиз юракларни иситар, хоҳишларига кўра совитиши, дўст ёки душман қила олиши ҳам мумкин эди. Бунинг учун Илёс ҳожи кўзларини юмганича сеҳирли каломини қироат қилса, беморларнинг боши, қўллари, хулласкалом дард чекаётган бирор жойига қўйса, ёки дуоли туморидан тақиб қўйса кифоя қилар эди.
Айтишларича, Илёс ҳожи жазирама кунда кўча-куйга чиққудек бўлса, бошининг тепасида бир тўп булут қуёшдан ҳимоя этиб, соя қилиб юрармиш. Тун кечаларда уйи тепасида оппоқ, нурга чўмган фаришталар қанот қоқиб чиқар эмиш. Ҳикоятнинг шу нуқтасига келганида адашиб кетаман. Кўз ўнгимга келтириб сокин учиб юрган улкан қанотли фаришталар чувалашиб, тўқнашиб, ҳудди одамлардан ҳурккан кабутарлардек потирлаб, урилиб-сурилиб қолаверишади. Нега деганда, Илёс ҳожининг уйи биттамас-да! Турнақатор беморларни қабул қиладиган доимий маконидан бошқа яна тўртта уйи бор. Яъни, қонуний хотинидан бошқа яна 4 та хотини бор. Тасаввуримни чалкашиши шундан, фаришталар қайси бир уйини устида қанот қоқишаркан? Ёки, бўлинишиб, бешта уй устида ҳам учармиканлар? Балки, Илёс ҳожига ўхшаб, навбатига қараб уйлар томидан қўним топишар? Хуллас, оломон ўртаниб, куйиб-ёниб таърифини келтирадиган Илёс ҳожи ҳақидаги мўжизалар қулоғимга чалинса саволлар гирдобига тортилиб кетавераман. Аммо, одамлар ҳаммасидан хабардор ва барча саволларга жавоб бера олишади. Дейишадики, Илёс ҳожи муруватли, иймонли, ҳожатбарор, хуллас, кўксида уриб тургани нур билан чўлғанган бир авлиё эмиш. Барча хотинлари бева-бечоралар экан. Уларнинг бошини силаб, бахтли этиш учун уйланган эмишлар. Биламан, ҳозир сиз ҳам истеҳзо билан мийиғингизда жилмайиб қўйдингиз. Айёрона кулишингизни бас қилинг! Бу дунё сиз ўйлагандек, фақатгина ёмонлару, ғаркўзлардан иборат эмас. Илёс ҳожига ўхшаган чин инсонлар ҳам мавжуд бу рутубатга ботган дунёмизда! Кўриб турганингиздек, Илёс ҳожи каби юз йилда бир дунёга келиб қоладиган солиҳ инсонлар инсоният, атрофидаги бахтсиз, бемор, адашганлар учун нажот фариштаси бўлиб дунёга келишади. Шундай экан, "тескари оқизилган сув" мўжизаси ишонмасликка важимиз борми? Бу сизга Сфинкс жумбоғимидики ковлаштириб, бош қотириб ўтирсангиз! Бундайин сир-синоатларни сафсата деб ҳисоблаган, мендек бир реалист ҳам, эл оғзида айланиб юрган, Илёс ҳожи жонига оро кирган; ёруғ оламни кўра бошлаган сўқир, тили чиққан гунг-соқов, эрта-индин дорулбақога рихлати аниқ бўлиб турган бўлсада, буткул соғайиб, оёққа туриб кетган саратон билан оғриган ўсал, ваҳакозо битмас туганмас мўжизаларни эшитгач ишончим ва ихлосим ошиб кела бошлади. Эрта-индин бориб кўринаман, ўқиттириб, юз йилдан буён қийнаб келаётган белимдаги чуррамдан батамом қутуламан деб турган умидли кунларимнинг бирида Илёс ҳожининг яна бир мўжизасини эшитдиму...
Эшитишимча, ушбу мўжиза Илёс ҳожининг қудаси билан боғлиқ экан. Яъни, ҳожи бобомиз катта ўғлига қишлоқдаги бир бева аёлнинг қизини келинликка олган. Бу аёлни ҳам, қизини ҳам кўрмаганман, аммо, қудамиз диёнатли, уч қизини ёлғиз боши билан улғайтириб, оқ ювиб-оқ тараб эгасига топширган, ҳозирда олтмишни уриб қўйган, келишган чевар аёл дейишади. Хуллас, иккинчи мўжизамиз ҳудди ўша чевар момо ва Илёс ҳожининг 9-10 яшар неварасининг бувисиникига меҳмонга бориш воқелиги билан бошланади. Неварасини меҳмонга келганини кўрган момо жуда шодланиб кетади. Ёлғизлик қурсин, қизлари жойини топиб кетишгач момо анчагина мунғайиб қолган деб ўйлайман-у, неварасини бир икки кун тунаб кетишини эшитгач ич-ичидан туйган қувончини ҳам ҳис этаман. Хулласкалом, момо неварагинасини бағрига олиб ухлашга ётибди. Бир пайт мизғий бошлагач сочи тортилармиш. Чирт-чирт узилган товуш ҳам яққол эшитилар эмиш. Қарасаки, невараси момонинг оппоқ сочидан битта-битта узиб олаётганмиш.
-Нима қилаяпсан болажоним?-дебди чевар момо ҳайрат билан.
-Сочингиздан олаяпман!-дебди болакай қўрқа-писа.
-Сочимни нима қиласан, бўталоғим?!-янада ҳайратланиб сўрабди момо.
-Билмасам...ҳалигии-деб талмовсираб қолибди невара,-Бобожоним.., бобом айтгандиларда!
-Нима дегандилар бобонг?
-Момонгни сочидан бир тутам олиб кел, лекин ҳеч ким сезмасин!-дегандилар.
Чевар момонинг юзида айёрона табассум жилваланибди. Ўйлаб турибдида, неварасининг бошини силаб ўпиб қўйибди.
-Майлида болажоним, бир тутам сочим эмас, жоним сенга нисор бўлсин-а қоракўзим! Сен ётиб ухлайвер, мен сочимдан олиб тайёр қилиб қўяман. Эртага бобонга элтиб берасан. Фақат бир шартим бор. Агар бувижонингни яхши кўрсанг, бобонга ҳеч нарсани айтмайсан. Мени билиб қолганимни айтмайсан. Келишдикми?
Невара соддаларча бош силкиб қўйибди-да уйқуга кетипди. Тонг саҳар бомдоддан кейин момо ўтириб, ухлаб ётган неварасининг бошини силаганича ўйланиб қолибди. Шу маҳал ёришиб кела бошлаган хонаси остонасида поёндозлик вазифасини ўтаётган узун-дувдар юнгли эчки пўстагига кўзи тушиб қолибди. Кечагидан ҳам айёрона тарзда жилмайиб, қўлига қайчисини олибди. Бир тутам кесиб олибди-да қоғозга ўраб қўйибди. Невараси кетар чоғида қўлига тутқазибди...
Иттфоқо, ҳудди шу куннинг тунида Илёс ҳожининг янги-иккинчи илоҳий мўжизаси содир бўлибди. Бу мўжизага шахсан ким гувоҳ бўлган, кимлар дарчасидан пойлаб, ҳайрат билан, кўзларини ишқалаб бақрайиб қолган, бундан хабарим йўқ, аммо, мўжиза тафсилотлари кейинги куни тонгдаёқ маълиму-машҳур бўлди. Ҳаттоки, кўрмаган бўлсамда мен ҳам тасаввур этдим. Тунги майин шабада эпкинида, узун-узун дувдар юнгларини аёл сочларидек майин ҳилпиратганича, дарахтлар, қишлоқ уйларини дам ёнидан, дам паст-у баланд бўлиб, тепасидан учиб, Илёс ҳожининг уйи томон шошилаётган учар пўстакни ҳудди кўз ўнгимда кўриб тургандек тасаввур этдим. Аммо, тунги шамлар ёғдусида, ётоғи бўйлаб сочиб қўйилган атиргул гулбарглари оғушида, кўзлари саккиз бўлиб муштоқ ўтирган Илёс ҳожининг (70 га кирган бўлса нима бўпти, кўнгил ёшда) учар пўстак билан кўришган илк дийдорини тасаввур эта олмадим...
Иккинчи мўжизага, Илёс ҳожининг раҳматли бўлиб кетганига ҳам анчагина йиллар сўрони ўтиб кетди. Қишлоқдаги қария Отахонлар, Онажонлардан суриштирсам, қайсидир елкалари силкиниб-силкиниб қиқирлайди, қайсидир, "Бекор гап тухматчиларнинг тухмати бу, ҳожи бобо зинҳор бу ишни қилмаган!"-деб қўйишади. Лекин, яна узунқулоқ гапларга қараганда "сувни тескари оқизиш"нинг сеҳирли дуоси ва "учар пўстак" Илёс ҳожининг катта ўғлига мерос қолдирилганмиш. Отасининг савобли ишини давом эттираётган ўғилнинг бошида катта салла, қўлида отасидан қолган тасбеҳ, олдида сеҳрли дуолар китоби, сиробсиз мижоз қабул қилармиш. Одамларнинг айтишича, нурли вужудидан ароқ ҳидли атир анқиб турган давомчи "жиндор" мулламиз мижоз - бемор аёлларнинг томирини пайпаслаб, эвазига аёлларнинг эрларидан калтак еган эмиш. Кейин мулламизни ҳам куфрлари қўзийдилар-да! Дарғазаб бўлиб, пешонасида ғингшиб, жанжал қилаётган тўртта хотинини ҳам ҳайдаб юборибдилар. "Ҳей, ақли ноқис заифалар, ҳали ҳожаларинга бош кўтарадиган бўлдиларингми!"-дебдиларда дўппослаб, патталарини қўлларига тутқазибдилар.
Турнақатор оломондан ушбу воқеа ҳақида суриштирсам, барча чувиллаб, бақириб кетишди. "Бизнинг мулламизга туҳмат қилма беътофиқ!"- деб мени дўппослагудек бўлишди. Демак, адашибман. Давомчи мулламизнинг юз-кўзидаги моматалоқ кўкаришларга анави учар пўстак айбдор бўлса керак. Ярим тунда учиб кела туриб, шошилинчда мулламизга қоқилиб кетгандур-да!? Ҳа қуриб кетмагур учар пўстак! Сизлар ҳам эҳтиёт бўлингизлар азизларим! Айтиб бўладими, учар пўстакларга дуч келиб қолишларингиз мумкинда...!
Тамом. 21/07/2023.