So'z sehri...

Iqtiboslar

ТЕЛБА ФАЛСАФАЛАР

Mastura Abduraim

2026-yil 28-fevral

2 daqiqa o'qish1ko'rish0 yoqtirish0 izoh
ТЕЛБА ФАЛСАФАЛАР
#kitob#adabiyot#o'zlik#baxt

***

Сир бу - фақат ўзгалардан эмас, ўзингдан ҳам мавҳум тутадиган юрак дардларингдир.

***

Гоҳида, бу ёлғон дунёда аслимиз эмас, нусхаларимиз яшаб келаётгандек туюлиб кетади.

***

Ҳеч ким китоб ўқимай қўйди деб ўйлайдиганларни, аслида ўзлари қўлига китоб олмайдилар.

***

Ҳайвонларни нафси орқали қўлга ўргатишади, одамларни ҳам...

***

Ёшингиз нечада бўлмасин, болалик орзуларингиздан воз кечган бўлсангиз, ҳаётингиз майда ўй-ҳаёлларга тўла ва зерикарли экан.

***

Муҳаббат - шавқатсиз манипулятор!

***

Шунчаки бахтли яшаш эмас, бахтли кўриниш учун яшаш одамни янаям бахтсиз қилади.

***

Ижодкорлик ҳаёт ва ҳаёлот тўқнашган жойдан бошланади. Телбалик ҳам...

***

Кўп йиғласа кўзлар қора бўлишини қанчалик ҳалқона, ҳазиломуз ҳаёлий топилма десам, йиғлайверганинг сари кўнгил қорайиб бориши шунчалик ҳаётий топилма дейман.

***

Кеча нима юз берган бўлмасин, бугун қайта туғилиш бор. Ахир, руҳ ўша бўлса, шаклнинг аҳамияти борми?! Тўғри, тирик жонмиз, зарбадан кейин синиқларни йиғиб олиш осонгина иш эмас, аммо, ҳаёт аталмиш ғирром рақибни ҳудди ўзи берган шаклда ва тик турган ҳолатда енга олиш мумкин.

***

Ишонч йўқотилгач, кечирим заррача ҳам аҳамиятга эга бўлмай қолади.

***

Қалбсиз тафаккур қуёшсиз кунга ўхшайди. Қанчалик моҳир деҳқон бўлма, ниҳолларинг ўнгланмайди.

***

Айтганимиз ёки истаганимиздек бўлаверса, ҳозир ҳеч биримиз ерда яшамасдик. Чунки, у бўлмасди...

***

Кимнидир ўтмишини юзига соладиган ёки ундан куладиган бўлсанг, эҳтиёт бўлки, яратган уни ўзингни келажагинга айлантириб қўймасин!

Ахир, ўзгаларга қандай оғриқ келтирганингни англаб олишинг учун, бундан ортиқроқ англанмиш бор деб ўйлайсанми?!

***

Шуни аниқ биламанки, аёллар жоҳил ва пасткаш эрларига чидаб ўтишларининг бирдан-бир сабаби молиявий қарамликдир.

Келажакда бахтли аёл бўла олишлари учун ҳам қизларни илмли ва ҳунарли қилиш даркор.

***

Қизиқ ўхшашлик, болалигимда ҳовлимиздаги энг ноқулай ўсган, тирмашиб чиқа олиш етиб бўлмас истак бўлган тиканли дарахтимни забт этгандим ва қайтиб тушолмай қолгандим. (Танаси жуда узун эди)

Айни ҳозир ижодимда ҳам шу ҳолат такрорланяпди. Ўша олис болаликда ҳам ҳудди ҳозирги қўрқув бор эди, аммо, ўзимни ўзим қутқара олгандим.

Демак, болаликдаги каби журъатимни тўплаб, кўзимни чирт юмиб, мақсадим томон олға бориш қолди холос.

***

Izohlar