So'z sehri...

EsselarTanlangan

БАХТ СОНАТАСИ

Mastura Abduraim

2026-yil 22-fevral

8 daqiqa o'qish2ko'rish0 yoqtirish0 izoh
БАХТ СОНАТАСИ
#kitob#asar#adabiyot#musiqa#orzu#esse#yolg'izlik#baxt#sonata#ayol

(Эссе)

Салом азизам Керри!

Эшитишимча, аҳволинг жуда яхши экан. Театрлардаги бетакрор ижроларинг ҳақида бутун дунё бoнг урмоқда. Неча йилдирки машҳур актрисалик шоҳсупангни сақлаб келмоқдасан. Ўтган ойда Нью Йоркка бордиму, сени тополмадим. Гастроль сафарига кетган экансан. Аммо, довруғингдан қувониб қайтдим. Айтишларича, Шекспирнинг «Отелло» трагедияси гултожи бўлмиш Дездемона ролини машҳур актрисалар Мегги Смит, Клер Скиннер, Келли Райли, Оливия Виналл хонимлардан ҳам маҳоратлироқ ижро этибсан. Улар истеъдодинг ва шуҳратинг ёғдуси остида хира тортиб қолган эмишлар. Нью Йоркнинг "New Amsterdam", "Brodway", "Lunt - Fontanne, "Joyse", "Shubert", "Carnegie Hall"театрлари сени тўхтовсиз ишга таклиф қилишдан бўшашмаётган экан. Мен бу ажойиб таърифларни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Кўришолмаганимиз чатоқ бўлдию, лекин, уйга қайтибоқ мактуб ёзиб юборишимни ўйлаб анчагина кўнглим ёришди. Аввалига газета-журналларда сен ҳақингда берилаётган шов-шувли хабар, мақола ва суҳбатлар билан танишиб чиқдим. Сенга маълумки мен каби ашаддий мухлислар доимо ўз севимли, истеъдодли инсонларининг ҳаёти ва фаолиятига ниҳоятда қизиқади ҳамда улар ҳақидаги маълумот, ҳар хил суратларни тўплаб юришади. Шу ўринда, мен ҳам яқиндагина Драйзер жанобларининг сен ҳақингдаги ажойиб романига дуч келиб қолдим ва мутолаани бошладим.

Ваниҳоят, айтганимдек, бугун тонгда нонушта тайёрлай туриб Теодор Драйзернинг сен, балки, бутун Америка жамияти ва унда истиқомат этаётган одамларни энг бой корчалонларидан тортиб, то ўта қашшоқ бечораҳолигача бўлган бир ҳаёт майдонини ва бу майдонга олиб кирувчи  ёинки чиқиб кетувчи, ёндош; текис, эгри-бугри, ўнқир-чўнқир; узун-қисқа ҳамда катта-кичик - тақдирлар ва қисматларга  элтувчи йўллар, сўқмоқлар ҳақида ҳикоя қилиб берувчи бетакрор романини эшитиб тугатдим. Ҳа, тўғри ўқидинг, эшитдим. Гарчи, асл китобнинг саҳифаларидан таралиб турувчи янги қоғоз ва босма бўёғининг ўзига хос ифоридан маст бўлиб, тизилиб турган ажиб сўзлар сеҳри ортидан кўз югуртириб, жумлалар малҳам каби онгимда пичирланиб, юрагимга қуйила бошлагани сари менга такрорланмас мутолаа сурурини беришини ҳис этиб турсамда, ишларим тиғиз вақтларда китобларнинг аудио вариантларини тинглаб тураман. Ҳа, англаганингдек вақтдан ютиш, (бир яхши томони кўз нуримни яхшигина асраб қоламан) уй-рўзғор ишлари билан биргаликда мутолаага ҳам улгуриб, тезроқ ёзув столимга ўтириш ва ҳеч нарсага чалғимай ёзиш мақсадида юқоридаги усулни тез-тез қўллаб тураман. Хулласкалом, мен сени ёшлик ва гўзаллик уфуриб турган қиёфанг, атрофингда айланаётган ҳодисалар, бошинга тушган яхши ҳамда ёмон ташвишларни кўз олдимга келтирар эканман, беихтиёр Теодорнинг Германиядан Ўрта ғарбга кўчиб келган қашшоқ муҳожир оилада улғайганию, 16 ёшидан пул топиш учун Чикагога келгани, у ерда катта қийинчиликлар билан Чикаго газетасига мухбир бўлгани, кейинчалик Индиана университетига кирганию, маблағ етишмаслиги сабабли 1 йилда ташлаб кетгани ва ундан сўнг ҳам пул топиш ташвиши билан кўплаб газетадан-газеталарга ўтиб, Чикаго, Цент-Луис, Голедо, Кливлент, Буффало, Питсбург каби йирик саноат марказларида тер тўккани кўз олдимга келаверади. Назаримда, мазкур автобиографик асар тарзида ёзилган «Бахтиқаро Керри» романи айнан адибнинг бошидан кечирган қийинчилик, азоб-уқубатлари асосида, бошидан ўтказиб ҳис-этилгани учун ҳам ниҳоятда ҳаётий, ишонарли реалистик роман бўла олган деб ўйлайман. Сеничи, ҳеч ўйлаб кўрганмисан, адиб сени қандай яратган экан? Балки, ростдан ҳам ҳаётда балки ҳозирги ёки бошқа исму-шариф билан, Драйзерга жуда яқин жойда, балки ёнгинасида яшагандирсан? Қашшоқликда гоҳо бахтли, гоҳ бахтсиз умр лаҳзаларини кечирган оддийгина камбағал қиз бўлгандирсан? Ё бўлмаса, ўша орзуларига ва ўзи бахт деб санаган чўққига эришган машҳур кибор актриса бўлгансану, Драйзер ўзининг ҳаёт йўли билан сенинг қисматингни чатиштириб, боғлаб, янгидан янги қиёфалар қўшиб «Бахтиқаро Керри»ни дунёга келтиргандир? Нима бўлганида ҳам, билишимча, ҳаётни, одамларни кузатадиган бўлсак, атрофимиз, умр йўлларимиздан минглаб Керрилар, миллионлаб Дроэлару, Гествудларни учратсак керак? Ҳа, бу аниқ-тиниқ бўлган фикрим кузатувларимизни давом эттирсак ўзини оқлайди, назаримда. Шу ўринда, роман ва Теодорнинг яна бир тақдир дуч этган руҳий боғлиқлиги ҳақида айтиб кетмасам бўлмас. Биласанми, Керри, Драйзер бу асари билан Американинг буюк имкониятлари, моддий муваффақият бахтнинг асоси эканини рад этади ва «кичкина одам» характерини инсонпарварлик билан очиб беради. Аммо роман ахлоқсизликда айбланиб, танқидчиларнинг ғазабига дучор бўлади. Бунга сабаб асарда «Америка имкониятлари» улуғланиш ўрнига «Америка турмуш тарзи» фош қилингани эди. Шунинг учун роман тақиқланиб, тираж нашриёт ертўлаларида чанг босиб ётишига тўғри келади. Натижада Драйзер оч қолади ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ҳам ўйлай бошлайди. (Ҳудди асардаги қаҳрамон Гествуднинг тақдирига ўхшаш) Аммо у ўз мамлакати ҳақида ҳақиқатни ёзиш учун курашга чидайди ва «Бахтиқаро Керри» романи 1904 йилда Лондонда, сўнг 1907 йилда АҚШда нашр этилади. Англадингми Керри, Теодор ҳудди асаридаги Гествуд каби очлик ва тушкунликда жонига қасд қилиши, шунчаки ўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо, у иккиюзламачи, олчоқ жамият таъзийқига чидами ва бардоши билан жавоб берди. Натижада мазкур романидан кейин кўплаб шоҳ асарларини яратиб, адабиётнинг бахтиёр кишисига айланди. Кўриб турганингдек, асар ва адиб ҳаёти ҳар биримизга яшамоқ, курашмоқ, яратмоқ бахтини англатиб турадиган бир маёқ вазифасини бажара олади деб айта оламан.

   Керри, азизам, биламан, сенга шавқатсиз ҳаёт қанчалик кучли зарбалар йўлламасин, ўзинг бахт деб ўйлаган, бир вақтлар қўлинг етмайдигандек туюлган чўққиларни бирин-кетин забт этиб, энг юксак орзу-ҳавасларинга эришгач ҳам бахтсизлигингча қолавердинг, ўша барча хом сут эмган бандалар бахт деб билган мол-дунё, обрў-эътибор, машҳурлик шоҳсупаси маликасига айланиб ҳам ўзингни бахтлилар сафида кўра олмадинг. Нега? Мен шу қисқагина, аммо, ўзида бир олам дарду-азобларни жамлай олган саволга жавоб бера оламан. Наинки мен, балки, умр йўллари етуклик ёшига бориб қолган, хоҳ бой, хоҳ қашшоқ  бўлсин, ҳар қандай одам бу саволга жавоб бера олади. Буни ҳаёт дейдилар! Унга на бизни пафосли жумлаларимизу, на бошқа бир илтижоларимизни қизиғи йўқ. У устимиздан кулишни, кулиб турганимизда йиғлатишни, энг ғурурли одамни ҳам юз букилиб, бўйин эгишга мажбур этишни ўринлатади. Керак бўлса, кучинг, ҳаракатинг, тиришиб-тирмашишинга қараб мукофотлайди, қўлингни ҳар ерга етадиган қилиб қўядию, оилавий бахтдан мосуво қилади. Бахтлиман деб айтиб кўрчи! Ёки, аксинча, умрингни меҳр-муҳаббат, сабр-қаноат билан безайдида, буткул оч қолдиради. Эндичи, ўзингни бахтли ҳис этаяпсанми? Ҳа, биз инсоният шу каби бахт ва бахтсизлик чегарасида муаллақ яшаётган мавжудотлармиз аслида. Фарқимиз қай йўлни танлашимиз ва ўзлигимизни англай билишимизда деб ўйлайман.

Биласанми, менда ҳам баъзида бахт ва бахтсизлик, орзу ва армон, омад ва омадсизлик  алишиб, бир-бирларини итқитишиб тургандек, гоҳида дунёдаги энг бахтли аёлману, гоҳи ўларча бахтсиз одам бўлиб қолганимдек туюлади. Аммо, ҳаётнинг шундай лаҳзалари бўладики, ҳудди онгингда чақмоқ чаққани каби барчасини англаб қоласан. Мисол келтирадиган бўлсам, барчамиз, мен инсонман деган ҳар бир жонзот ўзимиз олий бахт деб санаган қайсидир орзуйимизга эришсак, дунёдаги энг-энг бахтли одамга айланаман деб ўйлаймиз. Вақти келиб эришамиз ҳам. Аммо, ўша бахт атаган ҳавасимизни қўлга киритган сониялардан бошлаб, у ўзининг юсак қийматидан айрила бошлайди. Кўз ўнгимизда пастга қулай бошлайди. Тамом, у биз учун бошқа бахт ролида бўлолмайди ва бошқа унданда юксак бахт деб билганимизга талпина бошлаймиз. Ҳа, азизам Керри, бу ҳаёт. Шавқатсиз, худбин ва ўз билганидан қолмайдиган, оҳангжамалари билан  биз инсонларни минг куйга соладиган бевафо ва юзсиз ҳаёт бу. Яна ўйлаб қоламан. Аслида ким юзсиз, ким бевафо экан, нима дейсан, Керри?!

   Мен қашшоқлик таъмини тотиб кўрмаганман, лекин, Драйзернинг композиция, чуқур психологик таҳлил, атроф-муҳит ва персонажларни ҳар томонлама таҳлилий тавсифлаш бобидаги буюк салоҳияти ҳамда адабий истеъдоди туфайли асарни ўқий туриб, сенинг муваффақиятингдан олдинги ва Гествуднинг шон-шуҳратли  йилларидан кейинги қашшоқлик, азоб-уқубатларга тўла дамларни ҳис эта олдим. Менимча, одам боласининг шон-шавкат, машҳурлик ва шуҳратга тинмай талпиниши қонида оқадиган табиий жараён. Агар бу интилиш ҳалоллик ва покликка омухта қилинсачи? Амалга ошира оламизми? Йўқми? Мен ҳа деган бўлур эдим. Балки, жуда секин, узоқ йиллар керак бўлар, аммо, ҳалоллик билан ҳам зафар қучиш, орзуларни амалга ошириш мумкин. Амалга ошмасачи, буткул бахтсиз бўламизми? Нопок йўллар билан, виждонимиз, ор-номусимизни пуллаб яшин тезлигида чақнасакчи? Оо, Керри сен бу саволимга аллақачон жавоб бериб бўлдинг! Руҳий азоб сенга ўзинг истаган ва эришган зафар сурури, бахтни ҳис этиш роҳатидан мосуво қилди. Атрофингдаги минглаб ҳайрихоҳлар, гирдикапалаклар, меҳр-муҳаббат, эътибор, молу-давлат, машҳурлик бўлишига қарамасдан мудом ёлғиз ва бахтсиз қолавердинг. Сенга бахтнинг оддийгина сирини айтайинми, Керри?

Мен ҳам ҳудди сендек ёшлик чоғларимда бахтни моддият билан боғлиқ деб ўйлар эдим. Қарадимки, яшаганим сари бахт деб эришганларим, шунчаки, амалга ошириш мумкин бўлган хоҳиш-истаклар бўлиб чиқаверди. Гоҳида, ёзиш учун ёлғизлик истаб қоламан, аммо, биламанки, оилам, яқинларимсиз бахтли бўлолмайман. Гоҳо, у мени тушунолмайди, ёзишимни таъқиқлайди деб ёзғираману, тақиқламай қўйса, ёзолмай қоламан. Ана унда ҳақиқий бахтсиздек ҳис этаман ўзимни. Демак, яқинларимизнинг борлиги, ёнимиздалиги, камчиликларию, таъқиқлари, гоҳида, келишмовчиликларга сабабчи бўладиган телба-тескари табиатимиз билан биргаликда, ҳаёт зарбаларига гоҳи дош бериб, гоҳ енгилиб ёнма-ён умргўзаронлик қилишимизни ўзи олий бахт эканда! Ҳаёт, тириклик, мавжудлик, инсонийликнинг ўзиёқ бахт негизи эканда!

Бахт нисбий тушунча, азизам Керри! Аслида, бахт доимо биз билан бирга, гап шундаки, уни яхши танимаймиз ва кўпинча орзу-ҳавас билан иккисини адаштирамиз. Шу сабабли, бир умр бахт қидириб, бахтни англай олмай, бахтсизларча ҳаёт кечириб ўтишга ўзимизни маҳкум этамиз. Асл бахт қалбда яшайди ва ҳеч бир ҳаёт зарбалари уни парчалаб йўққа чиқара олмайди. Қачонки, қалбни асрай ҳамда англай олсак бахтлимиз...

Керри, вақтинг бўлганида балки мактубимга жавоб йўлларсан. Агар хат ёзолмасанг ҳам нималар ҳақида ёзишингни биламан ва чуқур англаб турибман. Ёлғизликни ҳис этсанг, рояль чалишинг, балки куйлашинг, рақсга тушишинг, ёки оддийгина сайр этишинг мумкин. Мен бундай вақтларда жаҳон классик мусиқаларини эшитишни хуш кўраман. (Айниқса, бу куйларни фортопиано ёки виолончелда ўзим ижро этишни орзу қиламан.) Айниқса, бахт аталмиш неъматни Шопеннинг «Бахт сонатаси»да айрича ҳис этаман. Агар бу куйни эшита туриб, кўз олдинга ким ёки нималар, онгингда не хотиралар жонланса, билгинки, ҳудди шулар сен учун олий бахтдир. Чал, азизам чал! Ҳадсиз ва гўзал коинот, сўнмас юлдузлар, чароғон қуёш, ям-яшил дов-дарахтлар, ложувард денгиз тўлқинларини ҳис этганингча, тириклик шовқини, болакайларнинг шўх-шодон кулгуси, умид саси, бахт жарангини эшитганинга қадар давом этавер! Йўлингдан оғишма! Бир шарти қалбингни авайласанг, уни ҳаёт сўқмоқларида йўқотиб қўймасанг бас!

Хайр азизам Керри! Бахт ёр бўлсин!

Тамом. 28/04/2024

Мастура.

Izohlar