«БУРГА ТАРИХИ ҲАҚИДА ҚИССА.»
Mastura Abduraim
2026-yil 20-fevral

Эссе мактуб.
Мана неча кундирки жаҳон адабиётининг буюк намоёндаларидан бўлган севимли адибларим, ҳассос шоирлар, адабиётшунос, драматург ваҳакозо адабиётнинг беминнат хизматчилари ҳаёти ва ижоди ҳақида танишиб чиқяпман. Ўқиганим сари ҳуддики улар билан дардлашаётгандек, дардларига шерик бўлиб, бир-биримизга таскин бераётгандек ҳис этаман ўзимни. Гуёки, ижодхонамда ёлғиз эмасман; улардан таскин оламан, тинглайман, ўрганаман, ёзаман. Биласизми, уларнинг аксарияти жуда бечораҳол; қашшоқлик, етимлик, хору-зорликда, қувғин, қочқин, махбус, асир, ишсиз, бир чақасиз, хулласкалом, энг ҳақир ва фақир инсонлар сифатида яшаб ўтганлар. Аммо, ҳудди шу оғир ва дарду-аламлар, хўрликлар билан тўлиб-тошган зулмат ҳаёт тарзида ҳам улар ижод қилишдан бир муддат бўлсин тўхтамаганлар, инсониятни ёруғлик томон етаклашга куч топа олишган. Айниқса, ёзувчиларимнинг аччиқ қисматлари юрак-бағримни эзиб юбораверади. Уларни нафас олишга, яшашга, эркин қанот қоқишга тўсқинлик қилган, хўрлаган, жазолаган, ўлдирган маҳдум сиёсатдан ниҳоятда нафратланиб кетаман. Аёллигимга бориб, бу абадий душманимизга қарғишлар ёғдираман. Стендалнинг «Сиёсат адабиёт бўйнига боғланган улкан тошдир!»-деган гапи нақадар ҳақиқат эканига гувоҳлик келтирган ҳолда, беихтиёр жуда кўплаб бечора адиб ва шоирларнинг исмларини санай бошлайман. Уларнинг қаторида сен ҳам борсан, борсанки, мен доим энг аввал сени номингни тилга оламан.
Сени таниганимга икки йилча бўлиб қолди. Илк бора сенинг юмор, озод руҳ ва тутқунлик, қувноқлик ва ғам - ғусса, тафаккур ҳамда телбалик билан йўғрилган ҳаётингни билганимда, лол қолганман. Табиатимиздаги ҳазил-мутойиба, телбалик, қитмирликка бўлган мойиллик сенга нисбатан яқинлик, меҳр-муҳаббат уйғотган, кулиб турадиган кўзларинг, кейинчалик излаб топиб ўқиган, кучли сатира; киноя, аччиқ юмор оҳанглари, қувноқ ва бир мунча овсар қаҳрамонлар билан тўлиб тошган ҳикояларинг ғойибона меҳримни янада тўлқинлантирган эди.
«Азиз Онажоним, эртага мени тушликда кутиб ўтирманг! Чунки бу пайтда мени отиб ташлашган бўлади. Ўқитувчим жаноб Гасперга мен у айтган менирал тошни топганимни ва чўнтагимда олиб юрганимни айтиб қўйинг. Тош полиция бошқармасида турипти. Ошнам Войтешик Горенгев уйимизга келиб қолса, ўғлимни 24 та суворий полициячи олиб кетди денг. Мени қачон кўмишларини билмайман.» Сени илк бор билган, таниган кунимданоқ ушбу мактубингни ўқиган, атиги 14 ёшли болакайнинг истеҳзо, заҳархандалик, тагдор сўзлар билан тўлдирилган гапларидан ҳайратга тушган, сенинг тафаккуринг, жасоратинг ва буюк юмористик салоҳиятинг қаршисида лол қолган эдим. Юқорида келтирилган хатингни ўша немис истибдоди она юртинг Чехияни қўғирчоққа айлантирган машъум кунларда ёзган эдинг. Ушбу, эрк бўғилиб, жон бераётган пайтлар тез-тез аксилинқилобий намойишлар уюштирилиб турар, норози намойишчилар немис аскарларини тошлар, шишалар билан сийлашарди. Намойишлардан бирида сен ҳам чўнтакларинга тош тўлдириб қатнашган ва қўлга тушиб қолгандинг. Хатни эса эртаси куниёқ қолган барча намойишчилар қаторида отиб ташланиши муқаррар бўлган жасоратли йигитча Ярослав, яъни сен ёзган, ушбу мактуб қамоқхона бош нозири қўлига тушгач шу куниёқ озод этилган эдинг. Бу эса табиатида ўжарлик, қайсарлик, аччиқ тил ва қувноқлик ҳукмрон бўлган йигитча ҳаётидаги инсоният фожиалари бўлмиш; Милитаризм, уруш, миллий маҳдудлик, адолатсизлик, жаҳолат, мафкуравий саёзлик, сохта ватанпарварлик, сохта инсонпарварликни фош этиш, ҳазил-мазах, кучли сатира, заҳарханда юмор, телбалик ва овсарлик орқали курашнинг дебочаси эди. Мақолалар, 1500 дан ортиқ ҳикоялар, фельетонлар ва «Жасур аскар Швейкнинг бошдан кечирганлари» сатирик романи бутун дунё юмор ва сатира йўналишига янгича, яъни фақат ўзингагина хос бўлган «Гашекча феномен»ни олиб келган, қаҳрамонларинг ҳам ўзинг каби қувноқ, бироз қитмир, яхшигина овсар бўлиб, юқоридаги инсоният иллатларини овсарлиги билан енгиб кетар, ҳаттоки, урушни тугатиб барҳам бера олишга ишонарди. Ўша кичкина жуссали оддий аскар Швейк орқали урушга ва уни ўйлаб топганларга қарши нафратингни баён қилган, роман юморга бой, ўта кулгили саҳналардан иборат, аммо, моҳиятан жуда ачинарли эди. Роман орқали юмор ва гуманизм алалоқибат урушлару, қирғинбаротлар устидан ғалаба қозонишини кўрсатиб берган, бу вақтга келиб ўзинг ҳам уруш ва кўп йиллик асрликдан қайтган, ватанингда қадр тополмай, ишсиз, хору-зорликда яшаётган эдинг.
Биласанми Ярослав, тақдир тақозоси билан мен ҳам сенинг замондошинг бўлиб Прагада туғилганимда ва учрашиб қолганимизда, сўзсиз яқин дўстлар бўлар эдик. Сабаби, табиатингда қўним топган телбалик, руҳиятингдаги эркинлик, жўшқинлик, қувноқлик, заҳархандалик, барча-барчаси руҳиятимга шу қадар яқинки, биргина сендаги жасоратни ўрганиш учун ҳам дўст бўлишга интилган бўлар эдим. Билсанг, менда бир орзу пайдо бўлди. Эсингдадур, атрофингдаги замондошларингни ҳар хил қилиқларинг, қитмирлик ва ҳазилларинг билан тез-тез синаб турар эдинг. Ўша Чех матбуотини шов-шувларга буркаган, бахс-мунозаралар, қизиқишларга сабабчи бўлган «Бурга тарихи ҳақида»ги мақоланг орқали оломоннинг майда-чуйда нимарсаларга қанчалик ўч эканлигини ўзларига кўрсатиб берган, кейинчалик, ушбу «оламшумул кашфиётинг» шунчаки навбатдаги ҳазилинг эканини билган одамлар ўзларининг қанчалик майдалашиб кетган оломон эканлигини балки, бир зум англаб етгандилар.
Азизим Гашек, кел иккимиз уйғун табиатли яқин дўстлар сифатида «Бурга тарихи ҳақида» катта эпопея роман ёзамиз. Сезиб турибман, таклифимни эшитиб кўзларинг ёниб кетди, тиржайганингча кафтларингни бир-бирига ишқадинг ва ўша ўткир ҳамда заҳарга ботирилган қаламингни қўлинга олдинг. Хуллас, аввалига одамларни бурганинг ҳусусиятлари ва фойдалари билан таништириб ўтамиз. Бу жонзотни одам учун нақадар керакли, агар тўғри йўлда фойдалана олишса кони фойда балки мўмайгина маблағ манбаи бўла олишига ишонтирамиз. Масалан, айтамизки, одам қонида маълум миқдорда олтин бор ва бургалар ўша олтинни танлаб сўриб олади ҳамда маълум органида тўплай бошлайди. Албатта, бу кашфиётни илм-фан жиҳатидан ҳам бичиб-тўқиб исботлаб қўямиз. Бу бургаларнинг янги авлоди экани ва фақатгина бизнинг лабораторияларимизда етиштирилиб, етқазиб берилиши ҳақида таъкидлаймиз. Бунда бургалар миясига чиплар ўрнатилганию, улар эгаси томонидан бошқарила олиши ҳақида таъкидлашни ҳам эсдан чиқармаймиз. Ишонавер, бу ўйлаганимиздан ҳам ишончлироқ чиқади. Чунки, қитмирлик деган жойда мени ҳам гапхалтам қайнаб тоша бошлайди. Қолаверса, ўша ноёб бурга тухумлари фақат бизни лобараторияларимиздагина етиштирилади. Қарабсанки, миллионлаб одамлар бурга безнесини бошлаш учун эшигимизни бузгудек бўла бошлашади. Бор маблағларини, керак бўлса жонларини тикиб юборишдан ҳам тап тортишмайди. Ёки, яна бир йўли: ноёб бургамиз танланган душманни чақиб, фалаж қила олиши ёки бирор тузалмас касаллик юқтира олиши мумкин. О, кўз қарашларинга қараганда азиз дўстим Гашек, бу усул олдингисидан ҳам самаралироқ, шундайми? Ахир, бирор одам топилмасаки, душманига зимдан зарба бериб роҳатланишни истамаса! Албатта, миллиардлаб мижозлар топилади ва бургаларимизнинг савдоси юқори нуқталарга қадар чиқади. Яна бир таклиф, буниси сенга айтсам, Гашекчасига қалтис ва қўполроқ таклиф десам ҳам хато қилмайман. Бургаларимиз ҳарбий аскарлар ўрнини боса олади, наинки боса олади, балки, ҳисобсиз қирғинбаротларни амалга оширади. Ғалаба фақат сиз томонда бўлади десакчи?! Ҳаа, азизим Ярослав, роса сенбоп қилиқ бўлармиди? Биласанки, бу борада миллионлаб бўлмағур таклифларни келтириш ва оломонни жалб қила олиш мумкин. Чунки, улар фойда, енгил-елпи бойлик орттириш йўллари, майдаданда майдароқ шов-шувлар, бўлмағур ҳою-ҳавасларга ўлгудек ўч бўлишади.
Масалан, «Эртага фалон театр биносида фалон »бренд« молларига чегирмалар савдоси ташкил этилди.»-деймиз. Фалончининг пистон драмаси саҳналаштирилди, томошага марҳамат!-деб рост сўзламаймиз. Қарабсанки, умрида бир бор театр биносига қадам босмаган анойи ҳам театр эшигини бузиб турибдида! Ёки, бепул китоб тарқатилмоқда деб эълон берсакчи? Бирор зоғ келармикин? Ишонтириб айтаман, келади! Текинку ахир, балки китоблар тутантириқ учун керак бўлиб қолар?!
Хулласкалом, азизим Гашек «Бурга тарихи ҳақида» истаганимизча валақлашимиз, қўшимча бандлар киргизиб янгилаб, тақдим этиб туришимиз мумкин. Қарабсанки, то 9-10 ёшингдан тортиб, 40 ёшинга қадар тортган азобларинг унутилади: ўзинг бир умр курашиб келган урушларда қатнашмайсан, очлик-хорлик, азоб-уқубат, асирликда орттирилган касалликларинг қийнамайди. Беҳавотир 40 ёшингдан кейин ҳам умргузаронлик қилиб, бутун дунёни пойи-пиёда айланиб чиқишинг, яна одамлар орасида ўзингни қувноқ ҳангомаларинг, ўткир юмор ва истеҳзоли ҳақиқатларинг билан юз кўрсата олишинг мумкин бўлади. Мен эса сен билан қизиқарли саёҳатга отланишдан олдин, банкдаги иш столингда бир вақтлар ўзинг ёзиб қолдирганинг каби қуйидаги ёзувларни қолдираман:
«Ҳавотир олманг, Гашек тирик!»
Тамом. 11/06/2024.
Камоли эҳтиром ила Мастура.